Гулжаной Наимова Параосиё ўйинлари чемпионига айланди
V ёзги Параосиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси вакиллари турли спорт турларида медалларга сазовор бўлди.
Жумладан, пара таэквондо бўйича +65 кг вазн тоифаси финалида Гулжаной Наимова хитойлик рақибасини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, олтин медалга сазовор бўлди. Ушбу вазн тоифасида бронза медали учун кечган беллашувда Каромат Қосимова эронлик рақибасидан 2:0 ҳисобида устун келди. Эркаклар ўртасида -80 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган Отабек Аматов ҳам бронза медали учун кечган учрашувда қозоғистонлик рақибини 2:0 ҳисобида мағлуб этди.
Пара енгил атлетика баҳсларининг эркаклар ўртасида Т36 классида 400 метрга югуриш мусобақасида иштирок этган Достон Қаҳҳоров 54,42 сония натижа билан маррага биринчи бўлиб етиб келди. Ҳамюртимиз олтин медаль билан бирга Пара Осиё ўйинлари рекордини ҳам янгилади.

Пара сузишнинг эркаклар ўртасида S9 классида 400 метрга эркин усулда сузиш финалида Диас Мирманов 4:32.18 натижа билан учинчи ўринни эгаллаб, бронза медалига сазовор бўлди.
Пара дзюдо беллашувларида J1 классининг +95 кг. вазн тоифасида финал баҳсида иштирок этган Исломжон Тўхтабоев эронлик рақибига имкониятни бой берди ва мусобақани кумуш медаль билан якунлади.
Шу тариқа, Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар 24 та олтин, 28 та кумуш ва 28 та бронза, жами 80 та медалга етди. Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллаб турибди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА