Гулистоннинг яшил қиёфаси янада кенгаяди
Сирдарё вилоятининг маъмурий маркази бўлган Гулистон шаҳрининг ободлиги ва кўркам қиёфаси, аввало, яшил ҳудудлари, мусаффо ҳавоси ва экологик муҳити билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис шаҳарда кўкаламзорлаштириш ишларини изчил давом эттириш, дарахтзорлар майдонини кенгайтириш нафақат бугунги куннинг долзарб вазифаси, балки келажак авлод учун соғлом ва қулай яшаш муҳитини яратишга қаратилган муҳим қадамдир.
Ана шу мақсадда бугун «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида навбатдаги кўчат экиш тадбири ташкил этилди. Унда шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ҳамда ходимлари, нуронийлар ва маҳалла фаоллари иштирок этиб, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Тадбир давомида яшил майдонларни кенгайтириш, дарахтлар сонини кўпайтириш, ҳаво сифатини яхшилаш ҳамда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишда бундай ташаббусларнинг ўрни алоҳида экани қайд этилди. Зеро, ҳар бир экилган дарахт шаҳарнинг экологик мувозанатини сақлаш, ёзнинг жазирама кунларида соя-салқин ҳудудлар яратиш ва аҳоли учун янада қулай яшаш муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Шундан сўнг иштирокчилар белгиланган ҳудудларда кўчат экиш ишларини бошлаб, клён, туя арчаси, тут ва писсарди каби турдаги 2 мингга яқин манзарали ва мевали дарахт кўчатини ерга қададилар.

Эътиборли жиҳати, бу жараёнда фақат кўчат экиш билан чекланиб қолинмаяпти. Уларнинг келгусида яхши ривожланиши, тутиб кетиши ва нобуд бўлишининг олдини олиш мақсадида парваришлаш ишлари ҳам аниқ белгилаб олинган. Хусусан, экилган ниҳолларни ўз вақтида суғориш, агротехник талаблар асосида парваришлаш ва ҳолатини мунтазам назорат қилиш учун масъуллар бириктирилган.

— Кўчат экиш — бу ишнинг бошланиши, холос. Асосий вазифа экилган ҳар бир ниҳолни асраб-авайлаш, унинг униши ва келгусида соғлом дарахт бўлиб вояга етишини таъминлашдан иборат. Шу боис ҳар бир ҳудуддаги кўчатларни парваришлаш, суғориш ва уларнинг ҳолатини назорат қилиш бўйича масъуллар белгиланган. Бу ишларни изчил ташкил этиш орқали Гулистон шаҳрида яшил майдонларни кенгайтириш, кўчалар ва маҳаллалар қиёфасини янада чиройли қилиш, аҳоли учун мусаффо ва соғлом экологик муҳит яратишни мақсад қилганмиз, — деди Шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Абдуқул Отабоев.
Маълумотларга кўра, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумида Сирдарё вилояти бўйича жами 9 миллион 536 минг 400 туп, шундан Гулистон шаҳрида 70 минг 800 туп манзарали ва мевали дарахт кўчатини экиш режалаштирилган.

Шубҳасиз, бу каби эзгу ташаббусларнинг самараси нафақат экилган кўчатлар сони, балки уларнинг йиллар давомида парваришланиб, кўкариши ва яшил ҳудудларга айланишида намоён бўлади. Бугун қадалган ҳар бир ниҳол эртага Гулистоннинг янада кўркам қиёфаси, мусаффо ҳавоси ва экологик барқарорлигига хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири