Ғўза парваришига бағишланди
Арнасой тумани далаларида Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев раҳбарлигида 2026 йил ғўза парваришига бағишланган амалий семинар ташкил этилди.
Тадбир туманнинг илғор хўжаликларидан бири — “Янги бўстон сардори” фермер хўжалиги даласида ўтказилиб, у ерда замонавий агротехнологиялар намойиш этилди. Хусусан, тупроққа ишлов беришда қўлланилаётган грезерли культивация қурилмаси синовдан ўтказилиб, унинг имкониятлари кенг жамоатчиликка тақдим қилинди.
Мутахассислар таъкидлаганидек, мазкур усул ер қаърини чуқур ва сифатли юмшатиш, намликни сақлаб қолиш ҳамда ниҳоллар ўсишини барқарор таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бунга эса ҳосилдорликни оширишнинг ишончли кафолати сифатида қаралмоқда.
Семинарда Хитойнинг "Anyan" компанияси томонидан қишлоқ хўжалиги экинларига суюлтирилган дориларни аниқ меъёрда сепишга мўлжалланган инновацион ускуна тақдим этилди. Янги технология дориларни тежамкор, аниқ ва самарали қўллаш имконини бериши билан аҳамиятлидир.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари “Фарҳоджон Худоёрхон” фермер хўжалиги далаларида бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган экиш ишлари билан танишдилар. Мазкур майдонда қўшқатор усулида, Шинжон тажрибасига таянилган ҳолда, Хитой селекциясига мансуб 78-навли чигит уруғи экилаётгани қайд этилди.
Амалий мулоқотлар жараёнида вилоят раҳбари ўз тажрибаси билан ўртоқлашиб, деҳқон ва мутахассисларга аниқ тавсиялар берди. Бу каби учрашувлар соҳада илмий ёндашув ва амалий билим уйғунлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида урғуланди.
Мазкур жараёнлар мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини изчил ислоҳ қилиш, уни замонавий босқичга олиб чиқишга қаратилган давлат сиёсатининг амалий ифодасидир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида тармоққа илғор технологияларни жорий этиш, ҳосилдорликни ошириш ва фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш устувор вазифа сифатида белгилаб берилгани бежиз эмас.
Семинарда барча иштирокчилар якдил фикрга келдилар: илғор тажрибаларни кенг татбиқ этиш, инновацион ёндашувларни амалиётга чуқур сингдириш орқали пахтачилик самарадорлигини янада ошириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА