Ғўза парвариши жараёнлари ўрганилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ёзнинг масъулиятли палласида ғўза парвариши ишларини тўғри ташкил этиш ва мавжуд ҳосил нишоналарини сақлаб қолиш долзарб вазифа бўлиб турибди.
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Поп тумани далаларида ғўза парвариши жараёнларини ўрганди. Қишлоқ хўжалиги соҳаси фахрийлари, оқсоқол-маслаҳатчилар ва мутахассислар иштирокида “Дўстлик” ММТП ҳудудидаги “Жаннат боғи меваси”, “Рустамхон бува Йўлчихон”, “Мирсултонова” ММТП ҳудудидаги “Поп Темурбек Шоҳизамон”, “Ҳосил неъмати”, “Водий”, шунингдек, “Ғурумсарой” ММТП ҳудудидаги фермер хўжаликларида агротехник тадбирларнинг бориши кўздан кечирилди.
Жорий йилда Поп туманида жами 6 минг 829 гектар майдонда пахта етиштирилмоқда. Ғўзанинг барқарор ривожланиши ва юқори ҳосилдорликни таъминлаш мақсадида соҳада зарур агротехник тадбирлар амалга оширилмоқда.
[gallery-30345]
Ишчи гуруҳ чопиқ ишлари, бегона ўт ва зараркунандаларга қарши курашиш, маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш, суғориш, чеканка ишларини тўғри ташкил этиш, уларнинг сифати ва самарадорлигига алоҳида эътибор қаратди.
Вилоят ҳокими “Долзарб 30 кунлик”нинг ҳар бир кунидан унумли фойдаланиб, ғўза парваришини талаб даражасида ташкил этиш, зараркунандаларга қарши замонавий ва биологик усуллар асосида самарали курашиш, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш ҳамда шарбат усулида суғоришни доимий назорат қилиш зарурлигини таъкидлади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА