Ғолиблар тантанали кутиб олинди
Тошкент шаҳрида ўтказилган “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” спорт мусобақаларининг Республика финал босқичида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талаба-спортчилари муносиб иштирок этиб, юқори натижаларни кўрсатди.
Мазкур ўқув юрти спортчилари умумжамоа ҳисобида 4 та олтин ва 3 та кумуш медални қўлга киритиб, барча тоифадаги олий таълим муассасалари орасида фахрли 3-ўринни эгаллади.


Бугун мусобақа ғолиблари Нукус темир йўл вокзалида университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари томонидан тантанали кутиб олинди.


Сўзга чиққанлар спортчиларнинг юқори натижаларини таъкидлаб, бу ютуқ университетда спортни ривожлантириш, ёшларнинг жисмоний тарбия ва соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишини ошириш йўналишида амалга оширилаётган ишларнинг амалий натижаси эканлигини таъкидлади. Шунингдек, спортчилар, мураббийлар ва уларнинг устозларига самимий миннатдорлик билдириб, келгуси мусобақаларда ҳам улкан зафарлар тилади.

Д.Абибуллаев, ЎзА