Гиёҳвандликнинг олдини олиш – долзарб вазифа
“26 июнь - Халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни” муносабати билан жиноят ишлари бўйича Урганч туман суди томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш мақсадида очиқ мулоқот ўтказилди.
Тадбирда вилоят суди судьяси Ш.Раззақов, туман суди раиси И.Усмонов, маҳалла фаоллари, адлия ва хотин-қизлар бўлими вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Мулоқот давомида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, ёшларни зарарли иллатлардан асраш ва гиёҳвандликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Қонун билан гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига оид жавобгарлик чоралари кучайтирилиб, нарколабораториялар ташкил этиш, интернет орқали гиёҳванд моддалар тарқатиш ва вояга етмаганларни бундай ҳаракатларга жалб қилиш учун қатъий жазолар белгилангани таъкидланди.
Тадбир иштирокчилари қонуннинг амалиётда қўлланилиши ва профилактика ишларини кучайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдириб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари