Гиёҳвандлик моддаси савдоси фош этилди
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда Тўрткўл тумани ҳудудида гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш мақсадида тезкор-қидирув тадбири ўтказилди.
Тадбир давомида назорат остидаги шахс бир дона оқ қоғоз парчасига ўралган сариқ рангли, ўткир ҳидли, ўрами билан оғирлиги 2,14 грамм бўлган “героин” гиёҳвандлик моддасини 5 миллион сўмга сотаётган вақтида тадбир иштирокчилар томонидан тўхтатиб қолинди. Ушбу шахс кўздан кечирилиб, унинг чап қўлида яна бир дона оқ қоғоз парчасига ўралган сариқ рангли ўткир ҳидли, ўрами билан оғирлиги 0,45 грамм бўлган “героин” гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида олиб қўйилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан ушбу фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.