“Гимнастикага илк қадам” мусобақаси ўтказилди
“Гимнастикага илк қадам” мусобақаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 декабрдаги “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 22 июндаги “Тошкент шаҳрида бокс ва гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактаблари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Айни пайтда ушбу мусобақа мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида гимнастика спорт тури оммавийлигини оширишдек мақсадларни кўзлаши билан аҳамиятли.
Шуни айтиш керакки, боғчаларда “Гимнастикага илк қадам” ва мактабларнинг бошланғич синфларида “Болалар учун гимнастика” дастурлари ўқув режаларига киритилган ва амалиётда қўлланилмоқда. Тизимли равишда боғча ёшидаги болалар ўртасида “Гимнастикага илк қадам” каби ҳудудий ва республика мусобақалари ўтказиб келиняпти. Шунингдек, иқтидорли болаларни онлайн рўйхатга олиш ва база шакллантириш тизими ишга туширилган.
Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида ўтказилган “Гимнастикага илк қадам” мусобақасининг туман (шаҳар) босқичи жорий йилнинг июнь-июль ойлари ўтказилди.
Мазкур босқичда 6 минг 366 нафар тарбияланувчи иштирок этди. Уларнинг 2 минг 66 нафари ўғил ва 4 минг 300 нафари қиз болалар. Иштирокчиларнинг 329 нафари “Гимнастикага илк қадам” мусобақасининг ҳудудий босқичида қатнашиш учун йўлланмани қўлга киритди.
[gallery-30351]
Уларнинг 28 нафарига “Гимнастикага илк қадам” мусобақасининг Республика босқичида ўз маҳоратини намойиш этиш насиб қилди. Мусобақанинг Республика босқичи Оксана Чусовитина номидаги гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактабида ўтказилди.
Гимнастика бўйича миллий ва халқаро тоифадаги ҳакамлар томонидан иштирокчиларнинг чиқишлари 20 баллик баҳолаш мезони асосида баҳоланиши кўзда тутилган. Республика финал босқичида ғолиб бўлган иштирокчилар Оксана Чусовитина номидаги гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактабининг 1-синфига кириш имтиҳонларисиз қабул қилиниши бўйича йўлланмага эга бўлади.
Назокат Усмонова,
Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА мухбири