Германиянинг Марказий Осиёга қайтиши: Ўзбекистон нима учун Берлин эътиборига тушди?
Сўнгги йилларда халқаро муносабатларда юз бераётган ўзгаришлар кўп йил давомида шаклланган ташқи сиёсий устуворликни қайта кўриб чиқишга ундамоқда. Айниқса, Европа давлатлари учун энергетика хавфсизлиги, таъминот занжири барқарорлиги, янги бозор ва стратегик ресурс масаласи мутлақо бошқача аҳамият касб этмоқда. Шундай шароитда Германиянинг Марказий Осиёга қизиқиши сезиларли даражада ортди. Бу ҳолат кўпинча иқтисодий ҳамкорлик ёки инвестиция билан изоҳланса-да, воқелик анчайин мураккаб ва қизиқарли.
Германия учун Тошкент аста-секин Марказий Осиё сиёсатидаги асосий таянч нуқтасига айланмоқда. Бу жараённи тушуниш учун ўзаро алоқалар эмас, балки Евросиёда шаклланаётган янги геоиқтисодий муҳитга назар ташлаш лозим.
Кўпчилик эътибор бермайдиган жиҳат шундаки, Германия ва Ўзбекистон муносабати ўзгариб бораётган глобал эҳтиёжга асосланган. Бугунги дунёда давлатлар аҳамияти қаерда жойлашгани эмас, балки қандай имконият таклиф қилиши билан белгиланмоқда. Шу нуқтаи назардан мамлакатимиз ГФР учун Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкорлардан бирига айланиши тасодиф эмас.
XXI аср биринчи чораги якунига етаётган бир пайтда Германия иқтисодиёти янги чақириқларга дуч келмоқда. Мамлакат кўп йил давомида глобаллашувнинг энг фаол иштирокчиларидан бири бўлиб келди. Арзон энергия манбаси, барқарор таъминот занжири ва ташқи бозорга эркин чиқиш имконияти немис иқтисодиёти самарадорлигининг муҳим омиллари ҳисобланарди. Кейинги йиллардаги халқаро инқироз бу тизимнинг заиф нуқталарини ҳам очиб берди.
Натижада Берлин ташқи иқтисодий алоқани диверсификация қилиш сиёсатига жиддий эътибор қарата бошлади. Айни жараёнда Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистоннинг аҳамияти ортиши нафақат ресурс манбаи, балки Европа ва Осиёни боғлайдиган муҳим иқтисодий макон эканига ҳам боғлиқ.
Аксар таҳлилчилар Германиянинг Ўзбекистонга қизиқишини минерал ресурслар ёки савдо ҳажми билан изоҳлашга ҳаракат қилади. Аслида Берлин Тошкентни келажакдаги иқтисодий ва транспорт манзарасининг муҳим жиҳати сифатида баҳоламоқда.
Бу ҳолат транспорт масаласида яққол кўринади. Сўнгги йилларда Евросиёда янги логистика йўлаклари шаклланмоқда. Каспий денгизи орқали ўтадиган йўналишлар, Кавказ лойиҳалари ва Марказий Осиёни Европа бозори билан боғлашга қаратилган ташаббуслар халқаро савдо харитасини ўзгартирмоқда. Шу жараёнда Ўзбекистоннинг географик жойлашуви янада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бир қарашда денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган мамлакатнинг транспорт тизимидаги аҳамиятини тушуниш қийин, амалда юртимиз минтақадаги барча давлатлар билан чегарадош ягона мамлакат сифатида Марказий Осиёнинг табиий транспорт тугунидир. ГФР учун айнан шу омил муҳим, чунки замонавий иқтисодиётда маҳсулот ишлаб чиқаришдан кўра, товар ҳаракатланиши занжирини назорат қилиш кўпроқ стратегик устунлик беради.
Яна бир қизиқ жиҳат бор: Германиянинг ўлкамизга қизиқиши демографик омил билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Бу ҳақда расмий чиқишларда деярли гапирилмайди. Ваҳоланки, келажакда айнан шу масала муносабатларнинг муҳим йўналишига айланиши мумкин.
Германия бугун аҳолининг қариши муаммосига дуч келаётган давлатлар қаторига киради. Меҳнат бозорида малакали кадрларга эҳтиёж ортмоқда. Айниқса муҳандислик, ахборот технологияси, саноат ва тиббиёт соҳаларида кадрлар тақчиллиги сезилмоқда.
Ўзбекистон эса бутунлай бошқа демографик манзарага эга. Мамлакат аҳолисининг асосий қисми ёшлар. Ҳар йили меҳнат бозорига юз минглаб янги мутахассис кириб келмоқда. Кўпчилик бу ҳолатни фақат меҳнат миграцияси нуқтаи назаридан баҳолайди. Аслида масаланинг моҳияти чуқурроқ.
Бугун Германия университетлари, илмий марказлари ва касбий таълим муассасалари учун Ўзбекистон ёшлари истиқболли инсон капитали сифатида кўрилмоқда. Бу келажакда иқтисодий ҳамкорликдан ҳам долзарб аҳамият касб этиши мумкин. Зеро, замонавий дунёда технология харид қилиш ёки сармоя жалб қилиш мумкиндир, малакали инсон капиталини эса қисқа вақт ичида шакллантириб бўлмайди.
Айни нуқтада икки давлат манфаати кесишяпти. Бир томондан ГФРга билимли ва рақобатбардош кадрлар зарур. Иккинчи томондан юртимиз ёшлар замонавий технология ва юқори малакали касб соҳасида тажриба орттиришидан манфаатдор. Шу боис таълим соҳаси оддий гуманитар ҳамкорлик эмас, балки келажак иқтисодиётини шакллантирувчи стратегик йўналишга айланмоқда.
Қизиғи шундаки, муносабатларнинг ҳақиқий салоҳияти ҳозирги иқтисодий кўрсаткичда эмас, балки келажак эҳтиёжида намоён. Берлин учун Тошкент Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкор, Ўзбекистон учун эса Германия Европадаги технология, инновация ва саноат маданиятининг муҳим манбаи. Демак, алоқаларни фақат савдо рақами ёки инвестиция миқдори билан баҳолаш қийин.
Германия ва Ўзбекистон муносабатини таҳлил қилишда кўпчиликнинг эътибори савдо айланмаси, сармоя ёки юқори даражадаги ташрифларга қаратилади. Албатта, бу муҳим жиҳат, бироқ ҳақиқий келажак аксар ҳолатда расмий статистикада эмас, балки ҳали тўлиқ шаклланиб улгурмаган тенденцияларда намоён бўлади. Бугун Тошкент ва Берлин ўртасидаги алоқаларда ҳам шундай жараён кузатиляпти.
Айниқса, Германия ташқи сиёсатининг янги устуворликлари Ўзбекистон учун кутилмаган имкониятлар яратмоқда. Бу ерда гап фақат иқтисодиёт ёки сиёсат ҳақида эмас. Масала дунё иқтисодий тизими қандай ўзгараётгани ва бу ўзгариш икки давлатни қай тарзда бир-бирига яқинлаштираётганида.
Сўнгги йилларда Германия ташқи иқтисодий стратегиясида “яшил трансформация” тушунчаси марказий ўрин эгаллади. Кўпчилик буни фақат экологик сиёсат сифатида қабул қилади. Аслида мазкур жараён XXI асрнинг энг йирик иқтисодий янгиликларидан бири ҳисобланади.
Германия саноати кейинги ўн йилликларда энергия манбалари, электр транспорт воситалари, рақамли технология ва юқори технологик ишлаб чиқаришга тобора кўпроқ таянмоқда. Натижада стратегик аҳамиятга эга минерал ресурсларга талаб кескин ошяпти. Айни нуқтада Ўзбекистон муҳим ўрин эгаллайди.
Кўп йил давомида Марказий Осиё кўпроқ нефть, газ ёки пахта билан боғлаб келинди. Бугун эса бутун дунё нигоҳида бошқа ресурслар турибди. Камёб металлар, юқори технология учун зарур унсурлар ва саноатнинг янги авлодига хизмат қилувчи минераллар глобал рақобат воситасига айланмоқда. Мазкур соҳада республикамизнинг имконияти анча юқори. Энг қизиқ жиҳат эса ресурсларнинг ўзи билан боғлиқ эмас.
Германиянинг ҳақиқий қизиқиши хом ашёни экспорт қилишга эмас, балки қайта ишлаш занжирини яратишга қаратилган. Яъни, Берлин учун келажакдаги энг муҳим масала ресурс қаердан чиқарилгани эмас, балки қиймати қаерда оширилиши.
Агар шу жараён амалий натижа берса, Ўзбекистон – Германия муносабати шунчаки савдо шериклигидан технологик ҳамкорлик босқичига ўтади. Шу тариқа муносабатда янги саҳифа очилади. Кўпинча деярли муҳокама қилинмайдиган яна бир жиҳат борки: Алоқалар келажаги элчихона ёки вазирликларда эса, кўпроқ университетларда шаклланмоқда. Одатда таълим соҳаси ташқи сиёсатнинг иккинчи даражали қисми сифатида қабул қилинади, аммо тарих бошқача мисолларни кўрсатади.
XX асрда Германиянинг халқаро таъсири фақат иқтисодий қудрати орқали эмас, балки университетлари, илмий мактаблари ва касбий таълим тизими орқали ҳам кенгайган. Бугун ҳам мамлакатнинг энг кучли “юмшоқ кучи” айнан шу соҳалар билан боғлиқ.
Ўзбекистонда немис тили, ГФР таълим тизими ва касбий тайёргарлик услубларига қизиқиш сақланиб қолаётгани тасодиф эмас. Бу ҳолат икки давлат муносабатидаги энг барқарор омиллардан биридир. Қизиғи шундаки, иқтисодий келишув ўзгариши мумкин, ташқи сиёсий шароит алмашиши мумкин, аммо таълим орқали шаклланган инсон капитали ўнлаб йил давомида таъсир кучини сақлаб қолади. Шу маънода Германиянинг Ўзбекистондаги энг муҳим инвестицияси завод ёки корхона эмас, балки билимга киритилаётган сармоя ҳисобланади.
Бугунги кунда яна бир кам муҳокама қилинадиган мавзу мавжуд. Берлиннинг Марказий Осиёга қизиқиши ортиб борар экан, Ўзбекистон ҳам энди Германия учун оддий ҳамкор эмас. Авваллари минтақага нисбатан қарашда хавфсизлик, энергетика ёки транспорт масалалари устун эди, ҳозир иқтисодий модернизация ва технологик шериклик биринчи ўринга чиқди. Бу ўзгариш ГФР республикамизни тайёр маҳсулот сотиладиган бозор эмас, саноат ва технология соҳасидаги узоқ муддатли ҳамкор сифатида кўра бошлагани билан боғлиқ. Айнан шу нуқта муносабат келажагини белгилаб бериши мумкин, чунки халқаро муносабатда энг мустаҳкам шериклик манфаат вақтинча мос келганда эмас, балки тараққиёт мақсади бир-бирига яқинлашганда шаклланади.
Бугун Германия инновация, юқори технология ва рақобатбардош саноат орқали ўз иқтисодий қудратини сақлаб қолишга интилмоқда. Ўзбекистон эса индустриал тараққиёт, инсон капитали ва халқаро интеграция орқали янги босқичга чиқишни мақсад қилган. Умумий мақсадлар икки давлатни бир-бирига яқинлаштирмоқда.
Хуллас, Ўзбекистон – Германия муносабатига фақат бугунги натижа нуқтаи назаридан қараш етарли эмас. Асосий масала келажакда қайси давлат технологик, интеллектуал ва иқтисодий шерик сифатида бир-бирини тўлдиришида.
Берлин ва Тошкент муносабатларининг энг муҳим жиҳати ҳам айнан шунда. Бу алоқалар ҳозиргидан кўра кўпроқ келажак эҳтиёжи асосида шаклланмоқда. Шу сабабли мазкур ҳамкорликнинг ҳақиқий аҳамиятини бугунги рақамлар эмас, балки кейинги ўн йилликда юзага чиқадиган натижалар белгилайди.
География нуқтаи назаридан Германия ва Ўзбекистонни минглаб чақирим масофа ажратиб туради, бироқ XXI аср геосиёсатида масофадан кўра манфаат муҳимроқ. Айни манфаатлар эса Тошкент ва Берлинни тобора яқинлаштирмоқда. Жараён ҳали бошланиш босқичида. Шунга қарамай, масаланинг стратегик аҳамият аллақачон кўринган.
Мусулмон Зиё, ЎзА