Германия турнирида муваффақиятга эришган шахматчиларимиз муносиб кутиб олинди
Бугун, 8 апрель куни эрта тонгда Германияда мукофот жамғармаси 285 минг евродан иборат “Grenke Chess Festival-2026” турнирида муносиб иштирок этган шахматчиларимиз Тошкент халқаро аэропортида кутиб олинди.
Айтиш лозим, дунёнинг энг номдор шахматчилари иштирокида ўтказилган муросасиз баҳсларда энг ёш гроссмейстерларимиздан бири Муҳаммадзоҳид Суяров классик йўналишдаги баҳсларда муваффақиятли иштирок этди.
Муҳаммадзоҳид нуфузли мусобақанинг классик йўналишидаги баҳсларида 3500 дан ортиқ иштирокчи орасида тенгсиз бўлди.
Иқтидорли шахматчимиз Суяров 9 та турдан иборат баҳсларнинг 7 тасида ғалаба, 2 тасида дуранг қайд этди ва 8 очко билан 1-ўринни эгаллаши ортидан 20 минг евро миқдоридаги соврин жамғармасига эга чиқди.
Эслатиб ўтамиз, Магнус Карлсен, Винсент Кеймер, Алексей Сарана, Максим Вашье-Лаграв, Пранав сингари кучлилар қатнашган турнирнинг фристайл йўналишида дона сурган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Нодирбек Абдусатторов 7 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига 7-ўринни, Нодирбек Ёқуббоев ва Шамсиддин Воҳидов 6,5 очко билан 11 ва 18-қаторларни, Афруза Ҳамдамова 5 очко билан 80-поғонани эгаллади.
Т.Рўзиев,
ЎзА