Германия архивларида ўзбек тарихи излари
Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги давлатлараро алоқалар чуқур тарихий илдизларга эга бўлиб, бугунги кунда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий-маданий соҳаларда стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарилиб бормоқда.
Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Европа давлатлари, хусусан, Германия Федератив Республикаси билан олиб бораётган истиқболли ва самарали очиқ ташқи сиёсати натижасидир.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан алоқалари тарихини ёритиш билан бирга, ривожланган мамлакатларнинг архив иши соҳасидаги устувор мақсадларидан бири — қонунчиликдаги ислоҳотлар, замонавий ахборот технологияларини жорий этиш тажрибасини ўрганиш ҳамда Ватанимиз тарихига оид манбаларни аниқлаш ва имкон қадар уларнинг нусхаларини олиб келиш каби долзарб вазифалар янги босқичга кўтарилмоқда. Жумладан, Германия Федератив Республикаси билан ҳамма томонлама яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, 1991 йил 31 декабрда Германия Федератив Республикаси Ўзбекистоннинг мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган давлатдир. 1992 йил мартида Тошкентда Германия элчихонаси ўз ишини бошлаганидан сўнг изчил расмий дипломатик алоқалар ўрнатилди.
Охирги 10 йилда ёш тадқиқотчиларимиз немис олимлари томонидан Марказий Осиё тарихига оид XV–ХIХ асрларда ёзилган асарларнинг тарихшунослик таҳлилига бағишланган илмий изланишлар олиб бораётган бўлса, икки давлат ўртасидаги маданий-маърифий муносабатлар ҳақида кўпроқ 1922 йилда Туркистондан Германияга ўқишга юборилган талабалар тақдири билан боғлиқ нашрлар орқали тасаввурга эга бўламиз. Шу ўринда муаллифларнинг ўзлари қайд этганидек, бу тарих бир ёқлама манбалар, аниқроғи Ўзбекистон архив, кутубхона ва музейларида сақланаётган манбалар ёхуд жаҳон миқёсидаги очиқ онлайн кутубхоналардан олинган адабиётлар асосида ёзилган. Бироқ Германия архивларида Ўзбекистон тарихига оид сақланаётган ҳужжатларнинг аксар қисми деярли илмий муомалага киритилмаган эди.
Албатта, мазкур масаланинг ўзига яраша сиёсий, молиявий ва бошқа сабаблари бўлган. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб Ўзбекистон тарихига оид хорижда сақланаётган манбаларни аниқлаш ва улардан нусха олиб келиш бўйича ўнлаб махсус комиссиялар, ишчи гуруҳлар тузилган ва фаолияти йўлга қўйилган бўлса-да, турли субъектив сабабларга кўра тарихий ҳужжатларнинг нусхаларини давлат архивларига топшириш билан боғлиқ кўзланган ишлар қониқарли тарзда амалга оширилмай қолган эди.
Ушбу йўналишдаги туб ўзгаришларга Президентимизнинг 2019 йил 20 сентябрдаги «Ўзархив» агентлигининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори асос бўлди. Қарорда архив иши ва иш юритиш соҳасидаги мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг илғор иш тажрибасини ўрганиш ва оммалаштириш, хорижий архивларда сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид архив ҳужжатлари нусхаларини олиб келиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Ҳозирги кунга қадар «Ўзархив» агентлиги фаолиятининг устувор йўналишларидан бирига айланган мазкур соҳада Туркия, Россия, Озарбайжон, Татаристон, Қозоғистон, Тожикистон давлат архивларида сақланаётган минглаб ҳужжатларнинг электрон нусхалари Ўзбекистон Миллий архивига олиб келинди ва алоҳида электрон жамғарма ташкил этилди. Биргина Туркиянинг Усмонли архивидан олиб келинган 15 мингдан ортиқ кадр ҳужжатлар ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихининг манбавий асосини қанчалар бойитганини алоҳида урғулаш лозим. Юқорида қайд этилган давлатлардан олиб келинган ҳужжатлар асосида «Ўзархив» агентлиги томонидан режали нашр ишлари йўлга қўйилиб, илк бор халқаро миқёсда 2 та архив ҳужжатлари тўплами ва 2 та китоб-альбом нашр этилди.
Бошланган ишларнинг мантиқий давоми сифатида Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 25 ноябрдаги фармони билан тасдиқланган Архив иши соҳасини тўлиқ рақамлаштириш, аҳоли ва бизнесга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш дастурининг 14-бандида белгиланган топшириқ юзасидан «Ўзархив» агентлиги қошида тузилган ишчи гуруҳ аъзолари — профессор Муҳайё Исакова ва Насриддин Мирзаевларнинг Германияга хизмат сафари ташкил этилди.
Олимларимиз Берлин шаҳрида жойлашган 3 та йирик давлат архивида — Пруссия маданий мероси махфий давлат архиви, Германия Федерал архиви ва Ташқи ишлар вазирлиги архивида ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихига оид архив ҳужжатларини аниқлаш ҳамда нусхаларини олиб келиш борасида тадқиқот олиб бордилар.


Таъкидлаш жоизки, Германия архив тизими дунёдаги энг илғор, тизимлаштирилган ва фойдаланувчилар учун қулай инфратузилмалардан бири ҳисобланади. 1995 йилда Германия архивлари қоғоз кўринишидаги каталоглаштиришдан тўлиқ рақамли қидирув тизимларига ўтган. 2014 йилдан бошлаб Германия Федерал архиви тадқиқотчилар учун мўлжалланган «invenio» электрон тизимидан фойдаланади. Бу тизим орқали тадқиқотчи дунёнинг исталган нуқтасидан туриб фондлар, рўйхатлар ва йиғмажилдларни қидириши мумкин. Ҳар бир рақамли файл EAD (Encoded Archival Description) халқаро стандарти асосида таснифланиб, унда ҳужжат номи, архив шифри (йил / фонд рақами / ҳужжат тури), муаллиф ва санаси аниқ кўрсатилади. Аниқланган ҳужжатларга архивнинг ўқув хонасидан расман рўйхатдан ўтиб, фойдаланиш кунлари тизим орқали белгилангандан сўнг буюртма бериш мумкин.
Германиядаги барча ҳудудий ва шаҳар архивларининг маълумотлари «Archivportal-D» ягона платформасига интеграция қилинган. Архив ҳужжатларининг ўқилишини осонлаштириш ва тарихий матнларни рақамли форматга ўтказишда сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда. Тарихий ҳужжат ва қўлёзмалар, жумладан, эски немис ёзувлари ёки Шарқ манбаларини ўқишда «Transkribus» каби матнни автоматик таниш дастурлари архив тизимларига боғланган.
2017 йил 10 мартда қабул қилинган Германия Федерал архив қонунининг янги таҳририда рақамли давр талабларига мослаштириш ва тадқиқотчилар учун манбалардан фойдаланиш ҳуқуқларини кенгайтиришга алоҳида урғу берилган. Қонунда давлат идораларининг электрон ҳужжатларни архивга топшириши мажбурий этиб белгиланган. Энг асосийси, олимлар ва ёш тадқиқотчилар учун маълумот олиш очиқлиги кафолатланиб, ҳужжатларни ўқув залида тадқиқотчининг ўзи шахсан расмга ва сканерга олишига (нусха кўчиришдан ташқари) имкон берилган. Шунингдек, тарихий ҳужжатларнинг юқори сифатли рақамли нусхаларига архив ўқув залларида туриб ёки масофадан буюртма бериш имкониятлари яратилган.
Германияда архив маълумотларининг очиқлиги қатъий белгиланган бўлиб, чеклов турлари ва муддатлари бўйича аниқ тартиб амал қилади. Умумий ҳужжатлар учун яратилган санадан бошлаб 30 йиллик муддат белгиланган бўлиб, фақат давлат хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳужжатлар муддати узайтирилиши мумкин. Шахсий маълумотлар шахс вафот этганидан сўнг 10 йил ўтгач очилади. Агар вафот этган йили номаълум бўлса, шахс туғилганидан сўнг 100 йил, ҳеч қандай сана маълум бўлмаса 60 йил ўтгач фойдаланишга берилади.
Махфийлик муддати тугамасдан олдин фойдаланиш лозим бўлганда, илмий тадқиқотнинг аҳамиятини асослаб берувчи ёзма ариза топширилади. Архивдаги ишчи гуруҳ хулосасига кўра, ҳужжат ичида учрайдиган учинчи шахсларнинг исм-шарифлари ва шахсий маълумотларини ошкор қилмаслик ҳамда илмий ишда уларни анонимлаштириш шарти билан муддатидан олдин фойдаланишга рухсат олиш мумкин.
Демак, ҳар қандай давлат органи ҳужжатдан фойдаланишни чеклаб, архивга топширса, у камида 30 йил давомида тадқиқотчилар учун ёпиқ сақланади. Қонундан келиб чиқсак, Германия архивларида 2026 йилда тадқиқотчилар учун 1996 йилда ёзилган ҳужжатлар очиқ фойдаланишга берилади. Шу ўринда Германия Ташқи ишлар вазирлиги архивида олиб борилган изланишлар натижасида 1996 йилгача Ўзбекистон билан олиб борилган дипломатик алоқаларга оид манбалар ҳақидаги маълумотлар архивнинг электрон қидирув тизимига жойлаштирилгани ва ушбу ҳужжатларни олиб кўриш, фотонусха олиш эркин йўлга қўйилганига амин бўлинди.
Чеклов қоидаси нафақат давлат сирини, балки инсонларнинг шахсий ҳаёти, оилавий ёки соғлиғи билан боғлиқ сирларини ҳимоя қилиш учун ҳам ишлатилади. Бу ерда уч хил ҳисоб-китоб қўлланилади. Биринчидан, агар шахснинг вафот этган санаси аниқ бўлса, 10 йиллик қоида амал қилади. Аниқроғи, 2016 йилда вафот этган кишининг шахсий ҳужжатлари 2026 йилда тадқиқотчилар учун берилади. Иккинчидан, шахснинг фақат туғилган йили маълум бўлиб, қачон вафот этгани номаълум бўлса, унинг туғилган йилига 100 йил қўшилади. Масалан, 1927 йилда туғилган кишига тегишли манба 2027 йилда очилади. Учинчидан, шахсга оид ҳеч қандай сана маълум бўлмаса, ҳужжат ёзилган санага 60 йил қўшилади. Яъни, 1980 йилдаги шахсга оид номаълум ҳужжатдан 2030 йилда фойдаланиш мумкин бўлади.
Қонунчиликдаги муҳим истисно шундаки, давлат ва жамоат арбоблари, дипломатлар ёки таниқли тарихий шахсларнинг хизмат вазифаси доирасидаги ҳаракатларига шахсий чекловлар амал қилмайди. Хусусан, бирор дипломатнинг расмий ёзишмаларини ўқиш учун унинг вафотидан сўнг 10 йил кутиш шарт эмас, бундай ҳужжатларга умумий 30 йиллик қоида қўлланади.
Ёпиқ фондлар ёки шахсий маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатлар очиқ интернет тармоғига юкланмайди. Улар билан фақатгина архивнинг ўқув залида, интернетга уланмаган локал компьютерлар орқали ишлашга рухсат берилади.
Жумладан, Федерал архивнинг электрон қидирув тизими ёрдамида Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистондан урушга кетган ва асирликка тушган 50 дан ортиқ ўзбек ўғлонларининг шахсий ҳужжатлари рақамлаштирилиб, тизимга жойлаштирилгани аниқланди. Ушбу ҳужжатларни кўриш имконияти Федерал архивнинг Берлин-Тегел филиали ўқув залида берилади. Улардан фойдаланиш учун махфийлик муддатини қисқартириш бўйича расмий сўровномани тўрт ҳафта олдин электрон почта орқали юбориш зарур. Шунингдек, агар ҳужжатлар рақамлаштирилган бўлса, уларнинг асл нусхасини кўриш имконияти берилмайди. Агар рақамли ҳужжатнинг сифати паст бўлиб, ўқиш имкони бўлмаса, истисно тариқасида асл йиғмажилдни кўриш ва фотосуратга олишга рухсат этилади.
Архивлардан фойдаланиш барча маҳаллий ва хорижий фуқаролар учун тенг ҳуқуқли ва асосан бепулдир. Ўқув залларида телефон, планшет, ҳатто шахсий сканер ускунаси ёрдамида ҳужжатлардан нусха олишга рухсат берилади.

Шунингдек, архивлар ҳужжатларнинг сифатли электрон нусхаларини тайёрлаб бериш бўйича пулли хизматларни ҳам амалга оширади. Ҳар бир архивнинг ўз нархномаси мавжуд. Тадқиқотчи китоб нашри учун 300–600 DPI аниқликда, асл нусха ҳужжатдан юқори сифатли TIFF форматидаги ҳар бир рақамли нусха (кадр) учун ўртача 4 евро атрофида тўлов қилади. Шунингдек, PDF ва JPEG форматларидаги нусхалар учун ҳар бир кадрга 0,25 центдан бошланадиган хизматлар мавжуд. Рақамли нусхаларни тайёрлаб бериш муддати 1 ойдан 4 ойгача вақтни олади.
Германиядаги йирик архивларда ҳужжатларни ўқув залида сақлаш ва уларга қайта буюртма бериш қатъий белгиланган ички регламентлар асосида амалга оширилади. Тадқиқотчилар «invenio» электрон тизими орқали рўйхатдан ўтишлари ва ўқув залида иш ўрнини тўрт ҳафта олдин банд қилишлари лозим. Жой банд қилиш муддати 3 кундан 5 иш кунигача чекланган бўлиб, ўқув залида фойдаланувчилар сони 30 тадан ошмайди.
Электрон тизим орқали аниқланган ҳужжатлардан бир кунда 20 та асл йиғмажилдга буюртма бериш мумкин. Соат 12:00 гача берилган буюртмалар эртаси куни тайёр бўлади. Бироқ архив ходими олиб келинган 20 та йиғмажилддан ҳажмига қараб бир вақтнинг ўзида 3–5 тадан ортиқ жилдни тадқиқотчининг иш столига қўймайди. Бунинг сабаби ҳужжатлар жилд ичида тиқилмаган ҳолда сақланишидадир. Ҳужжатларнинг варақлари алмашиб кетмаслиги учун бир вақтнинг ўзида тадқиқотчи столида 3 тагача асл йиғмажилд туришига рухсат берилади.
Фойдаланувчи олган ҳужжатни қайтаргач, кейинги йиғмажилдлар тақдим этилади. Иш вақти якунида топширилган ҳужжатлар 2–4 ҳафта давомида ўқув залида сақланади. Фойдаланиш муддатини узайтириш учун ходимни олдиндан огоҳлантириш керак. Бундай тизим тадқиқотчидан буюртма беришда ва манбаларни ўрганишда жиддий масъулиятни талаб қилади ҳамда ҳужжатларнинг узоқ муддат бир кишида ушланиб қолишининг олдини олади.
Умуман олганда, Германия архивлари ва кутубхоналари ривожланган рақамли инфратузилмаси билан ажралиб туради. Электрон каталоглар ва библиографик тизимларнинг интеграцияси изланиш жараёнини кескин енгиллаштиради. Манбаларни қидириш, буюртма қилиш ва рақамлаштириш тўлиқ автоматлаштирилгани сабабли инсон омили ва бюрократия сезиларли даражада камайтирилган. Бу эса хизмат кўрсатишдаги муддат бузилишлари ва коррупцион ҳолатларнинг олдини олади.
Германиянинг архив ишидаги ушбу тизимли ва илғор тажрибасини босқичма-босқич республикамиз архивларига жойлаштириш, маҳаллий ва хорижий тадқиқотчиларга кенг имкониятлар яратиш билан бирга, ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихи бўйича манбашунослик тадқиқотлари сифатини халқаро академик даражага олиб чиқишда муҳим стратегик қадам бўлиб хизмат қилади.
Насриддин МИРЗАЕВ,
ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги
Шарқшунослик институти докторанти,
Ўзбекистон Миллий архиви катта илмий ходими,
фалсафа доктори (PhD).