Геология соҳасининг энг фаоллари аниқланди
Ёшлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ҳамда замонавий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида “Ўзбек геология қидирув” акциядорлик жамияти томонидан жорий йилнинг 24 октябрь куни “Йилнинг энг фаол ёш геологи” ва “Йилнинг энг фаол ёш муҳандис-техник ходими” кўрик-танловининг республика босқичи юқори савияда ўтказилди.
Беллашувда Жамият тасарруфидаги барча марказий экспедициялар ва лабораториялардан саралаб олинган энг иқтидорли, билимли ва шижоатли ёш мутахассислар бош соврин учун ўзаро куч синашди.
Ушбу танловни ташкил этишдан кўзланган бош мақсад — Янги Ўзбекистон шароитида геология соҳасини рақамлаштириш ва трансформация қилиш жараёнларининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган ёш кадрларни аниқлаш ҳамда уларни ҳар томонлама рағбатлантиришдир. Шунингдек, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш билан бирга, уларнинг дадил илмий ташаббуслари ва инновацион ғояларини ишлаб чиқаришга интеграция қилиш учун эркин майдон яратишни мақсад қилган.

Танловнинг ҳар бир номинацияси соҳа келажаги учун стратегик аҳамиятга эга бўлган йўналишларни қамраб олди.
Хусусан, “Йилнинг энг фаол ёш геологи” йўналиши ёш геологларнинг тоғ жинсларини таҳлил қилиш, янги истиқболли конларни аниқлаш ҳамда минерал-хомашё базасини кенгайтиришдаги назарий ва амалий билимларини синовдан ўтказди. Бу йўналиш ёшларга ер ости бойликларини қидиришда энг сўнгги геоинформатика ва замонавий халқаро стандартлардан фойдаланиш кўникмаларини намойиш этиш имконини берди.

“Йилнинг энг фаол ёш муҳандис-техник ходими” — бугунги кунда соҳага чет эл илғор технологиялари ва юқори технологик бурғилаш ускуналари кириб келаётган бир даврда, ушбу йўналиш иштирокчиларнинг техника тили билан ишлаш, инновацион ечимларни қўллаш ҳамда иш унумдорлигини ошириш борасидаги маҳоратини юзага чиқарди.
Муросасиз баҳслар якунида ҳар икки йўналиш бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, улар Жамият раҳбарияти ҳамда Касаба уюшмаси томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари, диплом ва пул мукофотлари билан тантанали равишда тақдирланди.
Тадбир якунида “Ўзбек геология қидирув” АЖ Бошқаруви раиси Шамсиддин Алимов мутахассисларни таклиф ва фикр-мулоҳазаларини тинглаб, соҳа ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, “устоз-шогирд” анъаналарини мустаҳкамлаш ва интеллектуал салоҳиятли янги авлод кадрларини тарбиялаш борасидаги ишларни бундан кейин ҳам изчил давом эттирилишини таъкидлаб ўтди.
ЎзА