Географик номлар нега лингвистик меъёрлар асосида ўзгартирилмоқда? – Мутахассис жавоб берди
Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, географик объектларнинг номларини тартибга солиш ҳамда уларни давлат тили қоида ва меъёрларига тўлиқ мувофиқлаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Мазкур йўналишда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сув объектларини ягона тизим асосида ҳисобга олиш ва уларнинг расмий номланишини стандартлаштиришга хизмат қилмоқда.
Бу ҳақда Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Зокир Ишпўлатов ЎзА мухбирига интервью берди:
–Маълумки, географик номларнинг лингвистик меъёрлар асосида ўзгартирилишига асосий сабаб давлат тили қоидаларининг амалда тўлиқ ва тўғри қўлланилишини таъминлашдир. Шу билан бирга, турли манбаларда ҳар хил шаклда ёзиб келинган номларни бирхиллаштириш, уларни расмий ҳужжатлар, хариталар ва давлат базаларида ягона кўринишга келтириш зарурати ҳам бу жараённинг муҳим омилларидан ҳисобланади.
Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 ноябрдаги “Сув хўжалиги соҳасидаги айрим географик объектларнинг номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш ҳамда янги ном бериш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга мувофиқ, мамлакатимиз ҳудудидаги дарёлар, сойлар, кўллар, булоқлар, шаршаралар, сув омборлари ва сел сув омборларининг номлари қайта кўриб чиқилиб, давлат тили қоидаларига мувофиқлаштирилди.
Қарор доирасида жами 130 та сув объектининг номлари норматив талабларга мос ҳолатга келтирилди. Шунингдек, айрим географик объектларга янги номлар ҳам берилди. Жумладан, Уйчи туманидаги “Сассиқсой” сел сув омбори “Шўрсув”, Янгиқўрғон туманидаги “Гаистон” сел сув омбори “Янгиқўрғон”, Китоб туманидаги Жиннидарё “Зўғатасой”, Қумқўрғон туманидаги “Жанубий Сурхон” сув омбори эса “Сурхон” деб қайта номланди.
Шу ўринда “Географик номлар нега лингвистик меъёрлар асосида ўзгартирилмоқда?” деган саволга жавоб сифатида шуни таъкидлаш мумкинки, бу жараён нафақат тил қоидаларини бирхиллаштириш, балки тарихий-географик ҳақиқатни тўғри акс эттириш, маҳаллий аҳоли томонидан қўлланиладиган анъанавий номларни инобатга олиш ва давлат тилининг нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган. Яъни, номларни ўзгартириш эмас, балки уларни аниқ, тўғри ва расмий шаклга келтириш мақсад қилинган.
Мазкур жараёнда номларнинг фақат лингвистик жиҳатдан тўғри шакллантирилиши эмас, балки тарихий-географик хусусиятлар, маҳаллий аҳоли анъаналари ҳамда ҳудудий ўзига хосликлар ҳам инобатга олинди. Бу эса қарорнинг ижтимоий қабул қилиниши ва амалий самарадорлигини оширишга хизмат қилди.
Қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан биргаликда амалдаги ҳужжатлар, хариталар, маълумотлар базаларига тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан дарёлар, сойлар, кўллар, булоқлар, шаршаралар, сув омборлари ва сел сув омборларида ўрнатилган пешлавҳалар ҳамда ахборот кўрсаткичларидаги ёзувларнинг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилишини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.
Айни пайтда мамлакатимиздаги қарийб икки мингта сув объектлари хатловдан ўтказилиб, уларнинг номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш, ягона давлат реестрини шакллантириш ҳамда давлат реестрига киритилишини таъминлаш ишлари давом эттирилмоқда.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, сув объектларининг ягона реестрининг шакллантирилиши нафақат бошқарув жараёнларини соддалаштиради, балки географик маълумотларнинг аниқлиги ва шаффофлигини ҳам оширади. Шу билан бирга, бу тизим келгусида рақамлаштирилган давлат бошқаруви учун муҳим ахборот базаси вазифасини ҳам бажаради.
Умуман олганда, амалга оширилаётган ишлар мамлакатимизда сув ресурсларини самарали бошқариш, географик номларнинг стандартлашуви ва давлат тили нуфузини янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам, дейиш мумкин.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.