Ғазо ва Ғарбий Соҳилда сайлов: Маҳмуд Аббос тарафдорлари кўпчилик овоз тўплади
Уруш гирдобидаги Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторида дам олиш кунлари маҳаллий сайлов бўлиб ўтди. Қарийб йигирма йилдан сўнг секторда илк бор ташкил этилган ушбу жараён мисли кўрилмаган қийинчилик билан кечди.
“Kazinform” хабарида овоз бериш уруш, Ғазодаги кам сонли сайловчи ва ҲАМАС томонидан жараёнга жиддий қаршилик шароитида ўтганига эътибор қаратган.
“Al Jazeera” хабарига кўра, Фаластин миллий маъмурияти (ФММ) Президенти Маҳмуд Аббос тарафдорлари кўпчилик ўринни қўлга киритган.
Фақат анклав марказидаги Дайр ал-Балоҳ шаҳрида бўлиб ўтган, асосан рамзий маъно касб этган мазкур жараён маҳаллий аҳоли учун ўзига хос синов вазифасини ўтади.
ФММ Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, Дайр ал-Балоҳ шаҳри кенгашида 15 ўрин ажратилган. Фатҳ томонидан қўллаб-қувватланган ноиблар 6 кишини ташкил этди, маҳаллий аҳоли ва таҳлилчилар ҲАМАС билан алоқадорлигини тахмин қиладиган рўйхат эса атиги икки ўринни банд қилди.

Қолган мандатлар икки мустақил гуруҳ ўртасида тақсимланди: “Дайр ал-Балоҳ келажаги” ва “Тинчлик ва бунёдкорлик”.
Дайр ал-Балоҳ 2023 йил октябрдан бери давом этаётган Исроил ҳарбий амалиёти даврида нисбатан камроқ зарар кўрган, дея тахмин қилинмоқда.
Комиссия раҳбари Рами Ҳамдаллоҳ Рамаллоҳда бўлиб ўтган матбуот анжуманида якуний натижа кейинроқ эълон қилинишини айтди.
Фаластин сайлов комиссияси (ФСК) баёнотига кўра, Ғарбий Соҳилдаги 183 маҳаллий кенгашда фуқаролар овоз берган. 197 маҳаллий бошқарув идорасида номзод варақасиз сайланган. Сайловда қатнашган тахминан 522 000 сайловчи умумий иштирокчиларнинг 54-56 фоизини ташкил этди.
Президент Маҳмуд Аббос етакчилигидаги Фатҳ ҳаракати яққол устун мавқеини сақлаб қолган Ғарбий Соҳилда ҲАМАС сайловни тан олмади. Яъни, Аббосга яқин номзодлар аксар музофотларда жиддий рақобатсиз, осон ғалаба қозонди.
Секторда фаоллик Ғарбий Соҳилга қараганда анча паст эди. Расмий маълумот Дайр ал-Балоҳда рўйхатдан ўтган тахминан 70 000 фуқаронинг тахминан 22,7-23 фоизи, Ғарбий Соҳилда эса тахминан 1,5 миллион сайловчининг 53-56 фоизи овоз берганини кўрсатди.
Ғазода кам иштирок қайд этилиши эскирган аҳоли рўйхатидан фойдаланилгани, шунингдек оммавий кўчиш ва жанг-жадал оқибати билан боғлиқ.
Аббос фаластинликларни маҳаллий сайлов ўтказилгани билан қутлаб, мазкур воқеа миллий ва демократик ҳаёт учун беқиёс аҳамият касб этишини таъкидлади.
– Сайлов Фаластин халқининг миллий, демократик руҳини, қийин ва истисно шароитга қарамай, ўз ҳуқуқини амалга ошириш истагини акс эттиради, – деди Маҳмуд Аббос.
Кузатувчилар Ғазо секторида овоз бериш жиддий чеклов даври билан бирга келганини таъкидламоқда. Исроил чеклови туфайли баъзи сайлов ускуналари манзилга етказилмаган. WAFA ахборот агентлиги таъкидлаганидек, кўп жойларда маҳаллий аҳолининг ўзи сайлов варақаларини чоп этиш, қутиларни мустақил тайёрлашга мажбур бўлган.

DW хабарига кўра, БМТнинг Фаластин ҳудудлари бўйича гуманитар координатори Рамиз Алакбаров ушбу воқеа фаластинликлар ўта қийин даврда ўз демократик ҳуқуқидан фойдаланиши учун муҳим имконият яратганига урғу берди.
ФСК масъуллари эса овоз бериш жараёни "Фаластин халқининг ўз ерида қолиш ва мамлакатини ривожлантириш истаги инъикоси экани"ни таъкидлади.
– Асосий ғоя Ғарбий Соҳил ва Ғазони ягона сиёсий тизимга бирлаштиришдир, – деди ФСК вакили Фарид Тамаллоҳ.
Фаластин маъмурияти Дайр ал-Балоҳдаги овоз бериш тадбири Ғазо ва Ғарбий Соҳил боғлиқлигини намойиш этиши, 2007 йилдан бери давом этиб келаётган ФАТҲ ва ҲАМАС ўртасидаги сиёсий бўлинишга қарамай, келажакдаги бирлашган Фаластин давлати ғоясини таъкидлашга уриниш сифатида кўради.
Эслатиб ўтамиз, Ғазо секторида 2006 йилдан буён сайлов ўтказилмаган эди.
Гўзал Сатторова, ЎзА