Ғазо низоси Германияни ҳам суд минбарига олиб чиқди
Германия Гаагадаги Халқаро суддан Никарагуа томонидан унга қарши киритилган даъвони бекор қилишни сўради. Никарагуа Берлинни Исроилни қўллаб-қувватлаш, жумладан, ҳарбий ёрдам кўрсатиш орқали Ғазода “геноцидга кўмаклашиш”да айбламоқда.
Таъкидланишича, иш 2024 йилда бошланган. Ўшанда Никарагуа Халқаро суддан ГФРни Исроилга ҳарбий техника етказиб беришни зудлик билан тўхтатишни сўраган эди. Суд фавқулодда чоралар қўллашни рад этган, аммо даъво бўйича иш юритишни тўхтатмаган.
Энди Германия суднинг мазкур ишни кўриб чиқиш ваколати ва Никарагуанинг айрим талабларига қарши дастлабки эътирозлар билдирмоқда. Агар суд Берлин позициясини қўллаб-қувватласа, иш бутунлай ёпилади.
ГФР айбловларни қатъиян рад этиб, Исроилга қурол экспорти халқаро ҳуқуқ талабларидан ҳам қаттиқроқ назорат қилинишини таъкидламоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА