“Газеталар яшаши керак...”
Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокимлиги муассислигидаги “Янгийўл” газетаси таҳририяти учун янги бино қурилади.
Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокимлиги муассислигидаги “Янгийўл” газетаси таҳририяти учун янги бино қурилади.
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчиси Рустам Холматов мазкур таҳририят учун янги бино қуриш бўйича топшириқ берди, деб хабар қилмоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.
Қайд этилишича, вилоят раҳбари Янгийўл туманида аҳоли билан учрашиб, уларнинг ичимлик суви, йўл, иссиқлик ва электр таъминоти, моддий ёрдам бўйича мурожаатларини тинглади. Учрашувда аҳолининг аксарият мурожаатлари шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилиб, ижроси маълум вақт талаб этадиган мурожаатлар юзасидан масъулларга зарур вазифалар юклатилди ҳамда ижроси назоратга олинди.
Учрашувда шунингдек, Р.Холматов фуқаролар йиғинлари раислари билан суҳбатлашди.
– Халқнинг вакили сифатида ҳудуднинг муаммоларини мутасаддиларга етказишингиз керак, – деди ҳоким. – Қўрқманг, сизнинг тақдирингизни туман ҳокими ҳал қилмайди. Сизларни тингладим, шу ўринда сизлардан бир илтимос, ҳамиша рост гапиринг, ҳудуд муаммосини сессияларда дадил кўтариб чиқинг. Олдимизда сайлов турибди. Бу сайлов эртанги кунимизни белгилайдиган муҳим жараён. Аҳоли буни тушуниши, сайловда фаол иштирок этиши керак.
Аҳмаджон Рихсибоев “Янгийўл” газетаси таҳририятида бош муҳаррир лавозимида ишлайди. Бир неча йилдирки, таҳририят ўз биносига эга эмас, боз устига оғир иқтисодий ҳолатни бошдан кечирмоқда. Бугунги кунда статистика бўлими биносидан қўним топган таҳририят жамоаси яна кўч-кўчлар билан сарсон бўлиш арафасида. Мулоқот чоғида бош муҳаррир вилоят ҳокимига таҳририятнинг жорий аҳволи ҳақида гапириб берди.
– Газета яшаши керак, – деди Р.Холматов. – Туман, шаҳар газеталари ҳокимиятнинг юзи, воқеликларни тарихга муҳрлашда асосий восита.
Вилоят ҳокими шу ернинг ўзида таҳририят учун янги бино қуриш бўйича топшириқ берди. Ташкилий ишлар ҳал қилингунига қадар таҳририятга ҳокимият биносидан хона ажратиладиган бўлди.