Газ етказиб беришда янги тизим
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 августдаги “Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кундалик ҳаётда фойдаланиш учун суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Маъруфхон Хўжаев таклифи билан янги тизим йўлга қўйилиб, Наманган шаҳрининг Давлатобод тумани прокуратураси билан ҳамкорликда амалиётга татбиқ этилди.
– Янги тизимни кенг тушунтириш бўйича Давлатобод туманида бўлиб ўтган йиғилишда “Ҳудудгазтаъминот” раҳбари томонидан прокуратура ходимлари, МФЙ раислари ва профилактика инспекторларига тушунча берилди, – дейди “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали директори Иброҳимжон Мамажонов. – Мазкур тизим асосида белгиланган тартибда тўлдирилган маиший газ баллонлари график бўйича Давлатобод туманидаги Юксалиш маҳалласи ҳудудига прокуратура ходими, маҳалла раиси ва профилактика инспектори ҳамроҳлигида хонадонма-хонадон тарқатилди ҳамда тўловлар “ID” карталар орқали қабул қилинди.


Ушбу янги тизим орқали ҳудудларга суюлтирилган газни етказиб беришда узлуксизликни йўлга қўйиш ва коррупцион ҳолатларни олдини олиш орқали истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсад қилинган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.