“Gastro Marketplace” ва “Tourist Friendly Restaurant” лойиҳалари тақдимоти ўтказилди
27 сентябрь – Бутунжаҳон туризм куни
Бир мамлакатга саёҳат қилиш шунчаки янги манзилни кўриш эмас. Бу бошқа халқнинг тарихи, маданияти, урф-одати ва ҳаёт тарзи билан танишиш, турли қараш ва қадриятларни англаш имкониятидир. Шу маънода туризм бугун иқтисодиётнинг муҳим тармоғи бўлиш билан бирга, халқлар ўртасидаги мулоқот ва ҳамжиҳатликни кучайтирувчи муҳим воситага айланган. Ҳар йили 27 сентябрь куни дунё мамлакатларида Бутунжаҳон туризм куни нишонланади. Ушбу сана туризмнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётдаги аҳамиятига эътибор қаратиш, соҳанинг тараққиётдаги ўрнини кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилади.
Хўш, нега айнан нега айнан 27 сентябрь?
Маълумотларга кўра, бу сана туризм соҳаси учун муҳим тарихий воқеа билан боғлиқ. 1970 йил 27 сентябрда Жаҳон туризм ташкилоти устави қабул қилинган. Кейинчалик айнан шу сана Бутунжаҳон туризм куни сифатида белгиланиб, 1980 йилдан бошлаб ҳар йили нишонлана бошлаган. Шу тариқа 27 сентябрь туризм соҳасидаги мутахассислар, тадбиркорлар, меҳмондўстлик индустрияси ва саёҳат ихлосмандларини бир мақсад атрофида бирлаштирадиган халқаро санага айланган.
Бутунжаҳон туризм куни муносабати билан Тошкент шаҳрида туризм соҳаси вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари, тадбиркорлар, соҳа фахрийлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар иштирокида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти раҳбари — Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Ш.Асадов Президент Шавкат Мирзиёевнинг туризм соҳаси вакилларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Давлат раҳбарининг табригида очиқлик сиёсати, виза тартибининг соддалаштирилиши, транспорт ва меҳмонхона инфратузилмасининг кенгайиши туризм ривожига кучли туртки бергани таъкидланган. Жумладан, 2025 йилда юртимизга қарийб 12 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюргани, бу ютуқлар замирида соҳада меҳнат қилаётган минглаб инсонларнинг машаққатли меҳнати тургани қайд этилган.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари томонидан Президент қутловида илгари сурилган соҳа ходимлари меҳнатини муносиб эътироф этиш учун “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган туризм ходими” фахрий унвонини таъсис этиш таклифи катта олқишлар билан кутиб олинди.

Тадбирда айтиб ўтилганидек, 2030 йилга қадар хорижий сайёҳлар сонини 20 миллион нафарга етказиш, туризмнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 7 фоизга ошириш, туризм хизматлари экспортини 8 миллиард доллардан зиёдга етказиш каби юксак марралар соҳада фаолият юритаётган барча мутасадди ва мутахассислардан янгича ёндашув, ташаббускорлик ва юксак масъулиятни талаб этади. Шу маънода, туризм соҳасида меҳнат қилаётган фидойи инсонларнинг ташаббуслари, касбий маҳорати ва амалий ҳиссасини эътироф этиш муҳим аҳамият касб этади. Тадбир доирасида ана шундай фаол мутахассислар, давлат органлари ходимлари, жамоат ташкилотлари, тадбиркорлар, ижтимоий соҳа вакилларига “Туризм фидойиси” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, туризм соҳасида амалга оширилаётган янги лойиҳалар ва ташаббуслар ҳам намойиш этилди. Жумладан, Туризм қўмитаси, “Ҳунарманд” уюшмаси ва Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкорлигида ташкил этилган “Uzbek Gift Contest” республика сувенир маҳсулотлари танловининг биринчи босқичи якунлари сарҳисоб қилинди. Танловга 600 дан ортиқ иш келиб тушган бўлиб, ҳакамлар ҳайъати томонидан ёғоч, суяк ва тош ўймакорлиги, каштачилик, заргарлик, миллий қўғирчоқлар ва тўқимачилик йўналишларида 10 нафар энг яхши ижодкор аниқланди ва мукофотланди.

Тадбир доирасида гастрономик туризмни ривожлантиришга қаратилган “Gastro Marketplace” ва “Tourist Friendly Restaurant” махсус лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Мазкур ташаббуслар хизмат кўрсатиш стандартларини янада такомиллаштириш, миллий таомларни халқаро аудиторияга кенг тарғиб қилиш ҳамда Ўзбекистоннинг гастрономик салоҳиятини туристик маҳсулот сифатида ривожлантиришга қаратилган.
Тадбирнинг маданий қисмида “Омадли меҳмон” интерактив викторинаси ташкил этилиб, ғолибларга Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун туристик йўлланмалар топширилди. Байрам дастури мамлакатимизнинг таниқли хонандалари иштирокидаги гала-концерт билан якунланди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА