Гандболчи ёшларимиз қитъа чемпионатида 8-ўринни эгаллади
Иордания пойтахти Амман шаҳрида гандбол бўйича ўтган 11-Осиё чемпионати баҳслари Ўзбекистон U-18 терма жамоаси учун халқаро даражада катта тажриба тўплаш майдони бўлди.
Мамлакатимиз ёш гандболчилари иккита гуруҳга бўлинган ҳолда мусобақада қатнашган 10 та миллий терма жамоалар иштирокидаги чемпионатнинг “А” гуруҳида Жанубий Корея, Баҳрайн, Иордания ва Ҳиндистон жамоалари билан куч синашди.

Гуруҳ ўйинлари сарҳисобига кўра, Ўзбекистон U-18 терма жамоаси 4 очко билан чорак финалга йўл олди.
Гандболчиларимиз ҳар бир ўйинни юқори даражада ўтказди. Ўз гуруҳидаги ўйинларда Ҳиндистон, Иордания жамоаларини мағлуб этди.

Рейтинг очколари учун кечган баҳсларда Баҳрайн, Жанубий Корея, Эрон ва Саудия Арабистони жамоаларига қарши ўтказилган ўйинлар гандболчи йигитларимизда халқаро мусобақаларда иштирок этиш кўникмасини шакллантириш билан бирга, муҳим рейтинг очколарини қўлга киритиш имконини берди.
Чемпионат якунларига кўра, Қатар, Баҳрайн ва Жанубий Корея жамоалари совринли ўринларни эгаллади.
Ўзбекистон U-18 терма жамоаси эса қитъанинг энг кучли жамоалари орасида 8-поғонадан жой олди.
Т. Рўзиев, ЎзА