“Ғалла-24”: Комбайнлар мавсумга шайми?
Қишлоқ хўжалигида долзарб тадбирлардан бири бўлган ғалла ўрими мавсуми ҳам бошланмоқда. Айни жараёнда “Ўзагроинспекция” томонидан 2024 йил ғалла ўрими мавсумида қатнашадиган дон ўриш комбайнларини мавсумга тайёрлаш, созлигини назорат қилиш тадбирлари ўтказилди.
Қайд этилишича, мавсумни уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида жорий йилги мавсумда республика бўйича жами 3 минг 8 дона дон ўриш комбайнини мавсумга тайёрлаш режалаштирилган. Ушбу комбайнларнинг 1 минг 61 донасини “Keys va Nyu Xolland”, 1 минг 587 донасини “Класс”, 287 донасини “Вектор” ва 73 донасини бошқа юқори унумли ғалла ўриш комбайнлари ташкил этади.
Бугунги кун ҳолатига республика бўйича жами 2 минг 953 дона ёки 98 фоиз комбайнни таъмирлаш ишлари якунланди. Таъмирлаш ишлари якунланмаган жами 55 дона, жумладан Тошкент вилоятида 27 дона, Қашқадарёда 21 дона ва Бухорода 7 дона комбайнни таъмирлаш ишларини якунлаш чоралари кўрилмоқда.

Ҳудудларда “Ўзагроинспекция”, Ички ишлар вазирлиги ҳамда тегишли масъуллардан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, улар томонидан таъмирдан чиқарилган комбайнлар махсус сертификат асосида қабул қилиб олинмоқда. Бунда, ҳар бир комбайн 10-15 км масофага юргизилиб, уларнинг ишчи органлари ишлатиб кўрилиб, техник кўрикдан ўтказилмоқда.
Шунингдек, комбайнларни ёнғин хавфсизлик жиҳозлари билан тўлиқ таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Таъмирдан чиқарилган комбайнлар Сурхондарё, Хоразм ва Навоий вилоятларида 100 фоизга, Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида 85-90 фоизга тайёр бўлиб, комиссия томонидан қабул қилиб олинди ва техник кўрикдан ўтказилди.
Бошқа ҳудудларда ҳам таъмирдан чиқарилган комбайнлар махсус сертификат асосида қабул қилиниб, техник кўрикдан ўтказиш ишлари давом этмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА