ФВВ академияси курсанти мусобақа ғолиби
Ўзбекистон функционал кўпкураш федерацияси томонидан ташкил этилган функционал кўпкураш (кроссфит) бўйича республика мусобақасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси курсанти Дониёр Хушвақтов барча босқичларда юқори натижаларни қайд этиб, 1-ўринни эгаллади.
Мазкур нуфузли спорт тадбирида мамлакатимизнинг етакчи спортчилари иштирок этиб, ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, чидамлилиги ва иродасини синовдан ўтказди.
Мусобақада Дониёр Хушвақтовнинг шиддатли чиқишлари, юқори даражадаги жисмоний тайёргарлиги ҳамда кучли ирода намойиши ҳакамлар ҳайъати ва томошабинлар томонидан юқори баҳоланди.
Маълумки, функционал кўпкураш спорт тури спортчилардан куч, тезкорлик, эпчиллик ва чидамлилик каби сифатларни уйғун ҳолда намоён этишни талаб этади. Ушбу йўналишда қўлга киритилган мазкур ютуқ академия курсантларининг жисмоний ва маънавий тайёргарлиги юксак даражада эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Мазкур ғалаба ортида тинимсиз меҳнат, қатъий интизом ва мустаҳкам ирода мужассам. ФВВ академияси курсантининг ютуғи келгусида янада юксак натижаларга эришиш учун мустаҳкам замин яратади.
Гулноза Бобоева, ЎзА