Футболчиларимиз Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди
Саудия Арабистонида футбол бўйича U17 ёш тоифасида Осиё кубогининг иккинчи тур учрашувлари ўз якунига етди.
“D” гуруҳида Ўзбекистон U17 терма жамоаси Ҳиндистон термаси билан рақобатлашди. Учрашувда вакилларимиз 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Натижада, футболчиларимиз 3 очкога эга бўлиб, чорак финал ва Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.
Дарвоқе, ушбу гуруҳда Австралия термаси ҳам ушбу йўлланмаларга эга чиқди ва 13 май куни Ўзбекистон билан гуруҳ пешқадамлиги учун ўзаро рақобатлашади.

“C” гуруҳида Вьетнам 1:4 ҳисобида Жанубий Кореяга имкониятни бой бериб қўйган бўлса, БАА – Яман тўқнашуви 2:3 ҳисобида якунланди. Қайд этилган ушбу натижаларга кўра, Жанубий Корея термаси 4 очко билан пешқадамга айланди. Вьетнам ва Яман 3 очко билан 2-3-ўринларда қолди. БАА эса бир очко билан сўнгги ўринда турибди.
Бу гуруҳдаги 3-тур ўйинлари 13 май куни бўлиб ўтади. Унда Яман ва Жанубий Корея, БАА ҳамда Вьетнам ўзаро тўқнаш келади.
“А” гуруҳида Саудия Арабистони 2:0 ҳисобида Таиландни таслим этиб, очколарини 6 тага етказган ҳолда пешқадам бўлиб олди. Мьянма ва Тожикистон баҳси 0:1 ҳисобида якунланди.
Натижада тожикистонлик футболчиларнинг ҳам очколари 6 тага етди. Шу тариқа, бу икки ғолиб жамоа чорак финал ва мундиал йўлланмасини ҳал этди. Таиланд ҳамда Мьянма эса очкосиз 3-4 ўринда қолди.
"B" гуруҳида эса Хитой Японияга 1:2 ҳисобида енгилди. Қатар эса Индонезия термаси устидан 2:0 ҳисобида зафар қучди. Натижалар якунига кўра, Япония 6 очко тўплаб гуруҳ пешқадами сифатида плей-офф босқичи ҳамда Жаҳон чемпионатига йўлланмани ҳал этди.
Қатар ва Индонезия жамоалари 3 очко билан голлар нисбатига кўра 2-3 - ўриндан жой олди. Хитой очкосиз қолган ҳолда мусобақа билан хайрлашди.
12 май куни бу гуруҳда Япония – Индонезия, Қатар – Хитой терма жамоалари рақобатлашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА