Футбол: Ўзбекистонлик ҳакамлар “Осиё кубоги-2027”да фаолият юритади
Ўзбекистонлик ҳакамлар 2027 йилнинг 7 январь-5 февраль кунлари Саудия Арабистонида футбол бўйича бўлиб ўтадиган Осиё кубоги баҳсларини бошқариб боришда иштирок этади.
Осиё футбол конфедерацияси мазкур қитъа кубоги ўйинларида ишлайдиган ҳакамлар ва назоратчилар рўйхатини эълон қилди.
Эътиборли жиҳати, Осиё кубогида Ўзбекистондан бош ҳакам Илгиз Танташев ва Аскер Нажафалиев, ёрдамчилар Тимур Гайнулин, Бахтиёрхўжа Шавкатов, Андрей Цапенко, ВАР ҳаками сифатида Фирдавс Норсафаров, назоратчи Валентин Коваленко фаолият олиб бориши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, Осиё кубоги-2027 мусобақаларида 24 та миллий терма жамоалар 6 та гуруҳга бўлинган ҳолда ғолиблик учун кураш олиб боради. Ўзбекистон терма жамоаси қитъа кубогининг “Б” гуруҳида Баҳрайн, Иордания, КХДР жамоалари билан куч синашади.
Т. Рўзиев, ЎзА