Фуқаронинг қонуний ҳуқуқи тикланди
Сардоба тумани адлия бўлимига фуқаро А. Джабаров томонидан мурожаат келиб тушди. У ўз мурожаатида собиқ “Шахтақурувчи” МЧЖ тасарруфидаги “Қўйитош” ерости вольфрам конида 1993 йил 15 февралдан 2000 йил 1 апрелгача, шунингдек 2001 йил 1 ноябрдан 2004 йил 6 январгача зарарли ва оғир меҳнат шароитида фаолият юритганини маълум қилди.
Бироқ корхона тугатилгани сабабли иш стажи ва меҳнат шароитини тасдиқловчи аттестация ҳужжатлари сақланиб қолмагани унинг имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини расмийлаштиришда қийинчилик туғдирган.
Мурожаат адлия бўлими томонидан атрофлича ўрганилиб, тегишли ташкилотлардан зарур маълумотлар ва хулосалар олинди. Шунингдек, амалдаги қонунчилик, жумладан “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 22 декабрдаги “Аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ҳамда 2009 йил 18 ноябрдаги “Зарарли ва оғир меҳнат шароитида ишлаган ходимларнинг имтиёзли пенсия таъминотига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори, шунингдек имтиёзли пенсия тайинлаш тартибига оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари таҳлил қилинди.
Ўрганишлар натижасида фуқаро манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида адлия бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича Оқолтин туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
– Суд муҳокамаси давомида иш ҳолатлари ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганилиб, фуқаро А. Джабаровнинг “Қўйитош” ҳамда “Қора-қуш” ерости конларида 1993 йил 15 февралдан 2000 йил 1 апрелгача, шунингдек 2001 йил 1 ноябрдан 2004 йил 6 январгача зарарли меҳнат шароитида фаолият юритгани юридик жиҳатдан ўз тасдиғини топди, – дейди Сардоба туман адлия бўлими бошлиғи Илҳом Юнусов.
Суд қарорига мувофиқ, мазкур давр фуқаронинг иш стажи сифатида эътироф этилди ва унга қонунчиликка мувофиқ имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқи тикланди. Шу тариқа фуқаронинг ижтимоий ҳимояга оид қонуний манфаатлари таъминланди ҳамда унинг пенсия таъминоти масаласи ҳал этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири