Фуқаролик жамияти институтлари қандай қўллаб-қувватланмоқда?
Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва аҳамияти сезиларли даражада ортиб бораётгани қайд этилди. Жамият ҳаётининг турли соҳаларида муҳим ташаббус ва лойиҳалар самарали амалга оширилмоқда.
Фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳам янада кучайтирилди.
Жумладан, 2025 йилда 184 фуқаролик жамияти институти давлат субсидиялари орқали қўллаб-қувватланди.
Давлат ижтимоий буюртмаси шаклидаги 9 лойиҳага 23 миллиард сўм, давлат гранти асосидаги 271 лойиҳага эса 22 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу каби қўллаб-қувватлаш чоралари мазкур институтларнинг жамият тараққиётига қўшаётган ҳиссасини янада ошириш, аҳолининг долзарб муаммоларини ҳал этишда фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Жамоат фондининг аҳоли бандлиги, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, таълим ва спорт соҳаларидаги фаолияти таҳлил қилинди.
Жамоат фонди ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан “Бир миллион дарахт” акцияси доирасида 5 мингдан ортиқ кўчат экилиб, 78 очиқ мулоқот ўтказилди. “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида 20 тадбир ташкил этилди ва уларда 2000 дан ортиқ иштирокчи қатнашди.
Илк бор 5 нафар юртдошимизга “Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофоти топширилди, 29 нафар фаол фуқаро “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Ҳудудларда ўтказилган 254 жамоатчилик назорати тадбири доирасида бинолар ва жамоат жойларида ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган шароитлар ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди.
Журналистлар ўртасида ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” миллий мукофоти танловида илк бор фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ёритиш йўналиши жорий этилди. Ушбу номинация бўйича 26 нафар номзод томонидан 150 дан ортиқ ижодий ишлар тақдим этилди.
Жорий йилда ҳам мазкур йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, Рамазон ойи ва Наврўз байрами муносабати билан эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 триллион сўм маблағ ажратилди. Ушбу ташаббус доирасида Жамоат фонди орқали 100 га яқин нодавлат нотижорат ташкилотларига 10 миллиард сўм йўналтирилди.
Шунингдек, “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” доирасида “Ўзбекистон - 2030” стратегиясини амалга оширишга қаратилган Давлат дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбатлари ташкил этилди. Уларда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки ва уларнинг таклифлари алоҳида эътибор марказида бўлди.
Мажлисда 2026 йил учун устувор вазифалар белгилаб олиниб, фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий аҳамиятга эга ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш ишлари изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Н.Абдураимова, ЎзА