Фуқароларнинг мурожаатлари тингланди
Аҳолининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларни қийнаётган муаммоларни жойида ўрганиш ҳамда тезкор ҳал этиш мақсадида Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Иномжон Қудратов ва Сирдарё мелиоратив экспедицияси бошлиғи Собитжон Неъматов томонидан Ховос туманининг Фарҳод маҳалласида навбатдаги сайёр қабул ташкил этилди.
Сайёр қабул давлат органлари раҳбарларининг халқ билан очиқ мулоқотини таъминлаш, фуқароларнинг мурожаатларини бевосита эшитиш ва уларни қонуний асосда ҳал этишга қаратилган муҳим амалий механизм сифатида хизмат қилмоқда. Бу каби учрашувлар орқали аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ўз жойида ўрганилиб, мутасадди ташкилотлар иштирокида уларга ечим топиш чоралари белгиланади.
Қабул давомида фуқаролар томонидан ер ва мулк муносабатлари, суғориш ҳамда мелиорация тизимини такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя, коммунал хизматлар, кадастр, ҳуқуқий масалалар ва бошқа ҳаётий аҳамиятга эга йўналишларга оид мурожаатлар билдирилди. Ҳар бир мурожаат алоҳида тартибда кўриб чиқилиб, унинг келиб чиқиш сабаблари ва ечими юзасидан масъул ташкилотлар вакиллари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.

Фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, амалдаги қонунчиликда белгиланган тартиб-таомиллар юзасидан батафсил ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шунингдек, айрим масалаларни ҳал этиш учун тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда амалий чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Сайёр қабул давомида жами 30 га яқин мурожаатлар қабул қилинди. Шундан 5 таси жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. 12 та мурожаат бўйича қўшимча ўрганиш ўтказиш ва аниқ чоралар кўриш мақсадида иш юритувига олинди. Қолган мурожаатлар юзасидан эса амалдаги қонунчилик талаблари асосида ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, уларни қонуний тартибда ҳал этишнинг аниқ механизмлари ва амалий йўллари бўйича тавсиялар тақдим этилди.

Қабул якунида масъулларга ҳар бир мурожаатни белгиланган муддатларда сифатли кўриб чиқиш, фуқаролар билан доимий алоқада бўлиш ҳамда ижроси назоратга олинган масалаларнинг ўз вақтида ҳал этилишини таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири