Францияда қурувчилар йўлларни ёпиб қўйди
Франциянинг Нант шаҳрида қурилиш соҳаси ходимлари ёнилғи нархи кескин ошганига қарши норозилик билдирди. Намойишчилар шаҳар айланма йўлида махсус тўсиқлар ўрнатиб, ҳаракатни секинлаштирди. Улар ҳайдовчиларга варақа тарқатиб, ҳукумат олдига зудлик билан чора кўриш талабини қўйган. Бу акция орқали соҳадаги муаммоларга эътибор қаратиш мақсад қилинган.
Намойишчилар фикрича, дизель ёнилғиси нархи оширилиши бизнесга жиддий босим ўтказмоқда. Айниқса, кичик корхоналар харажатни қоплашда қийналяпти. Баъзи тадбиркорлар, ҳатто, фойда кўрмай ишлашга мажбур бўлаётгани соҳа барқарорлигига хавф туғдирмоқда.
Шунингдек, қурувчилар ҳукумат бошқа соҳаларга кўпроқ ёрдам бераётганини иддао қилиб, ўзларини эътибордан четда қолган, деб ҳисоблаяпти. Талаблар орасида расмийлар билан музокара ўтказиш ҳам бор. Агар муаммо ҳал этилмаса, жараён янада кенг кўлам касб этиши айтилган. Бу эса транспорт ҳаракатига янада кучли таъсир кўрсатиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА