Форум ўзаро манфаатли лойиҳалар учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда
Сурхондарё вилоятидаги “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида “Ўзбекистон (Сурхондарё)-Хитой” инвестиция форумининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Вилоятда илк бор ўтказилаётган форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.Ходжаев, Сурхондарё вилояти ҳокими У.Қосимов, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Ю Жун, Афғонистон саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизи, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бошқарма бошлиғи И.Ниязмурадов, Хитой халқаро маданий алоқалар маркази раҳбари Лонг Юсянг, Афғонистоннинг Балх вилояти ҳокими Муҳаммад Юсуф Вафо, Хитойнинг “JDB Group Limited” компанияси раиси Чен Хунг Тон Ўзбекистоннинг кейинги йилларда олиб бораётган очиқ, прагматик сиёсати мамлакатимизнинг дунё давлатлари ўртасида ўзаро ишонч ва дўстлик алоқаларини, ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Қадимдан Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон ўтмишдаги довруғини қайта тиклаб, Марказий ва Жанубий Осиёни бирлаштиришда муҳим коридор вазифасини бажариш йўлида ишончли қадам ташлаётгани қайд этилди. Бу борада амалга оширилаётган барча ислоҳотлар мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириб, миллий иқтисодиётимиз ривожида муҳим омил бўлаётгани ҳақида сўз юритилди. Форум ишига муваффақият тилади.
[gallery-30909]
Таъкидландики, Термиз қадимдан маданиятлар ўртасидаги мулоқот маркази сифатида ўз ўрнига эга бўлган шаҳар. Бу заминда зардуштий, буддизм, насронийлик ва ислом каби динлар анъаналари шаклланиб, ривожланган. Буюк Ипак йўлидаги муҳим нуқталардан бири бўлган. Айни пайтда Термизнинг Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи муҳим бўғин сифатидаги ўрни қайта тикланмоқда. Сўнгги йилларда “Термиз” халқаро савдо маркази кўп тармоқли транспорт-логистика маркази, “Термез Карго Центр” каби йирик иншоотлар барпо этилгани бу жараёндаги ишлар самарадорлигини ошириб, вилоятни савдо, инвестиция ва илм-фан марказига айлантирмоқда.
Сурхондарёнинг Афғонистон билан бевосита чегарадошлиги савдо, транспорт, логистика ва саноат кооперациясини ривожлантириш учун катта имконият яратади. Шу боис, мазкур форум Ўзбекистон – Хитой – Афғонистон ўртасида янги иқтисодий ҳамкорлик ва кооперация занжирларини шакллантириш учун ҳам муҳим платформа сифатида кўрилмоқда. Ўзбекистоннинг энг жанубий ҳудуди ва мамлакатимизнинг Жанубий Осиёга чиқувчи муҳим дарвозаси бўлган Сурхондарёда уч миллиондан ортиқ киши яшайди. Воҳа бой табиий ресурслар, катта меҳнат салоҳияти ва қулай географик жойлашувга эга. Айни пайтда ҳар тарафлама жозибадор ҳудудни Марказий ва Жанубий Осиёни боғлайдиган йирик саноат, савдо ва транспорт-логистика марказига айлантириш кўзда тутилмоқда. Бунинг учун воҳада халқаро аэропорт, автомобиль ва темир йўл тармоқлари, дарё порти ва бошқа замонавий инфратузилма бор.
Транс-Афғон темир йўли лойиҳасининг амалга оширилиши Марказий Осиё учун Афғонистон орқали Покистон портларига энг қисқа йўлни очиб, Сурхондарёнинг стратегик аҳамиятини янада оширади. Вилоят иқтисодиёти ҳам барқарор ўсиб бормоқда. Жумладан, 2025 йил жалб этилган инвестициялар ҳажми 1,2 миллиард долларни ташкил этди. Хорижий инвесторлар орасида Хитой компаниялари 360 миллион долларлик сармоя билан етакчи ўринлардан бирини эгалламоқда.
Форумда хитойлик инвесторларга вилоятнинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, енгил саноат, кончилик ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш, туризм, савдо ва логистика каби йўналишларида ҳамкорлик ўрнатиш таклиф этилди.
Анжуманда Ўзбекистон, Хитой ва Афғонистон ҳукумати аъзолари, Хитойнинг 120 дан ортиқ, Афғонистоннинг 50 га яқин компаниялари вакиллари, мингдан зиёд маҳаллий мутасаддилар ва ишбилармон доира вакиллари иштирок этмоқда.
Бизнес форумда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари А.Шукуров, Хитойнинг “Jiangsu World Agricultural” компанияси бош ижрочи директори Жу Линжун, Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари У. Юсупов, Туризм қўмитаси раиси ўринбосари С. Тожиев, Хитойнинг “Anhui Wende Holding Group” компанияси бошқарув кенгаши раиси Янг Сиу Мей, “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси директори ўринбосари З.Абдукеримов, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси раиси И. Рахимовлар тақдимотлари билан иштирок этди. Икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди. “Made in Uzbekistan” кўргазмаси билан танишди.
Хитой ва Афғонистон бизнес вакиллари, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри ва туманлар ҳокимлари, маҳаллий тадбиркорлар иштирокида G2B ва B2B учрашувлари ўтказилди.
Форум доирасида эртага Хитой делегацияси аъзолари вилоят туманларида бўлиб йирик ишлаб чиқариш корхоналари билан яқиндан танишади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири