Foreign Policy: Россия ҳужуми Қора денгизда юк ташилишини фалаж қилди
Россиянинг фуқаролик кемалари ва порт инфратузилмасига қатор ҳужумларидан сўнг Қора денгиз орқали юк ташиш деярли тўхтаб қолди. Янги экспорт мавсуми бошланишидан олдин вазият яхшиланмаса, дунё озиқ-овқат инқирозига дуч келиши мумкин, деб хабар тарқатди “Foreign Policy” нашри.
Денгиз йўлаги расман очиқ, аммо кема эгалари ракета ва дрон ҳужуми билан боғлиқ доимий таҳдид туфайли кема юборишдан бош тортмоқда.
Украина расмийлари маълумотига кўра, Россия фақат июль ойининг ўзида ҳам порт, ҳам денгизда 57 Украина ва хорижий савдо кемаларига зарба берди. Киев расмийлари фикрича, ушбу зарбалар натижасида дон экспорти аллақачон тахминан учдан бир қисмга камайган, денгизда юк ташиш нархи ҳам деярли икки баробар ошган.
Нашр Қора денгиз портлари мамлакатнинг асосий экспорт йўналиши эканини таъкидлаган.
Украина қишлоқ хўжалиги экспортининг тахминан 90 фоизи, шунингдек мамлакатга валюта тушумининг тахминан тўртдан уч қисмини ташкил қиладиган металлургия ва кончилик маҳсулотлари асосан шу йўналиш орқали ўтади. Аграр сиёсат вазирлиги 2026 йил экспорт даромади бевосита йўқолишини 1,5-3 миллиард долларга баҳолади.
С.Раҳимов, ЎзА