FISU президентига Ўзбекистонда фахрий профессор унвони топширилди
Халқаро университет спорти федерацияси (FISU) раҳбарлари Ўзбекистонда муҳим тадбир ўтказди. Талабалар спортини ривожлантиришга қаратилган бу ҳамкорлик ёш авлод учун қандай янги имкониятлар очади?
Тадбирда Халқаро университет спорти федерацияси (FISU) президенти Леонз Эдер, FISU бош котиби ўринбосари Фернандо Силва Паренте, Марказий Осиё талабалар спорти федерацияси раҳбари Қайрат Қайруллинович, Мўғулистон талабалар спорти федерацияси бош котиби Жаргалсайхан Доржсурен, Тожикистон талабалар спорти федерацияси раиси Шоди Сафаров, шунингдек, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Рашид Маткаримов, мамлакат Талабалар спорти ассоциацияси вакиллари, мутахассислар иштирок этди.

Учрашувда талабалар спортини ривожлантириш, спорт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажрибалар алмашиш, халқаро спорт инфратузилмасининг бугунги ҳолати ҳамда истиқболдаги йўналишлар муҳокама қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда Халқаро университет спорти федерацияси (FISU) ўртасида спорт билан боғлиқ академик ва илмий-тадқиқот ташаббусларини ишлаб чиқиш, “Соғлом кампус” дастури ҳамда қўшалоқ карьера ташаббуслари орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш йўналишларини қамраб оладиган ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

FISU президенти Леонз Эдерга Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг “Фахрий профессор” унвони топширилди.
Меҳмонлар университет спорт мажмуасида талабалар иштирокида ташкил этилган “Жанг санъатлари” фестивали ҳамда бошқа кўргазмали чиқишларни томоша қилиб, яратилган шарт-шароит ва таълим тизимига юқори баҳо беришди.

Музокараларда халқаро форум доирасидаги тадбирлар, учрашувлар талабалар спортини ривожлантириш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг жаҳон талабалар спорти ҳамжамиятидаги алоқаларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА