Филадельфияда Ватанимиз байроғи ҳилпиради (+видео)
Яқинда Америка Қўшма Штатлари Пенсильвания штати Филадельфия шаҳрида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи кўтарилишига бағишланган тантанали маросим ўтказилди.
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган ушбу тадбирда Филадельфия шаҳри маъмурияти ва дипломатик корпус киллари, юртимизнинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ходимлари, ватандошларимиз ҳамда АҚШнинг турли ҳудудларидан меҳмонлар иштирок этди.
Маросимда сўзга чиққанлар мазкур тарихий воқеанинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, икки давлат ўртасидаги дўстона муносабат, маданий алоқалар ва ватандошларимиз фаолияти хусусида фикр билдирдилар.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янгради. Таъкидлаш жоиз, айни лаҳзалар қатнашчиларда ўзгача фахр, ифтихор туйғуларини уйғотди.
Филадельфия мэри Шерелл Паркернинг расмий қутлови ўқиб эшиттирилиши “Vatan Global Alliance” ҳамжамияти ташаббуси билан уюштирилган тарихий анжуманнинг ўзига хос аҳамиятини тасдиқлайди. Эътиборли жиҳати, 8 октябрь ушбу шаҳарда “Ўзбекистон куни” деб эьлон килинди.
Тантанали қисмдан сўнг йиғин байрамона руҳ олди. Ўзбек миллий қўшиқлари, карнай-сурнай садоси янгради, санъаткорлар ўз чиқишларини намойиш этди. Ўйин-кулги, миллий рақсларимиз байрамга янада шукуҳ бағишлади.
Филадельфия марказида мамлакатимиз байроғи мағрур ҳилпираши нафақат бугунги кун, балки келгуси авлод вакиллари учун ҳам муҳим тарихий воқеликдир. Зеро, бундай тадбирлар хорижда яшаётган ватандошларимизни янада жипслаштириб, уларнинг Ватан билан алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Баҳодир Шаропов, ЎзА
Филадельфия, АҚШ