Фидойи касб эгалари тақдирланди
12 май – Халқаро ҳамширалар куни
Наманганда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан 12 май – Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан тизимда фаолият юритаётган ўрта тиббиёт ходимлари учун тантанали байрам тадбири ўтказилди.
Шифо муассасалари мутасаддилари, фахрий ҳамширалар, соҳанинг нуронийлари ҳамда юзлаб тиббиёт ходимлари иштирокидаги ушбу маросим аввалида Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулходи Иминов ҳамширалик касбининг жамият ҳаётидаги ўрни, инсон саломатлигини муҳофаза қилишдаги беқиёс хизматини алоҳида эътироф этди.

Дарҳақиқат, ҳар бир тиббиёт маскани – поликлиника, шифохона, клиника фаолиятида ҳамширалар иши алоҳида ўрин тутади. Беморларни парвариш қилиш, шифокор кўрсатмаларини ўз вақтида ва сифатли бажариш, аҳолига малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш жараёнида “оқ халат” соҳибаларининг масъулияти катта.
Тадбирда сўзга чиққанлар кейинги йилларда юртимизда ҳамширалик соҳасини ривожлантириш, ўрта тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, меҳнат шароитларини яхшилаш борасида олиб борилаётган хайрли ишларга тўхталди. Айниқса, замонавий тиббиёт муассасалари ташкил этилаётгани, рақамли тиббиёт тизими кенг жорий қилинаётгани ҳамда ҳамшираларнинг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган ўқув дастурлари амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди.

Байрам тадбирида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг республика кенгаши ижроия қўмитаси ва Ўзбекистон ҳамширалар ассоциацияси ҳамкорлигида ўтказилган “Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими” танловининг вилоят босқичида “Йилнинг энг яхши ҳамшираси", "Йилнинг энг яхши тиббий бригада ҳамшираси", “Йилнинг энг яхши муолажа ва эмлаш ҳамшираси”, "Йилнинг энг яхши дояси", "Йилнинг энг яхши лаборанти", “Йилнинг энг яхши соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси”, “Йилнинг энг яхши фельдшери”, "Йилнинг энг яхши фармацевти" каби 15 та номинацияси бўйича ғолиблари фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

– Ҳамшира – шифокор ва бемор ўртасидаги муҳим кўприк. Бизнинг меҳримиз, сабру ва масъулиятимиз беморнинг руҳий ҳолатига ҳам ижобий таъсир кўрсатади, – дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази Наманган филиали Косонсой туман бўлими ҳамшираси, “Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими” танловининг вилоят босқичи “Йилнинг энг яхши тез тиббий ёрдам станцияси ҳамшираси” йўналиши ғолиби Муқаддас Абдуллаева. – Хусусан, шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизимида фаолият юритаётган ҳамшираларнинг фидокорона меҳнати алоҳида таҳсинга лойиқ.

Маросимда, шунингдек, кўп йиллик самарали меҳнати, касбига садоқати ва намунали хизматлари билан ажралиб турган бир гуруҳ ҳамшираларга фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Байрам тадбири якунида санъаткорлар ижросидаги дилрабо куй-қўшиқлар фидойи ва жонсарак ҳамшираларга кўтаринки завқу шавқ улашди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА