Фермер ва пиллакорлар референдумда фаол иштирок этади
Андижон шаҳридаги “Жоме” меъморий мажмуаси майдонида “Андижон агропилла” масъулияти чекланган жамияти ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси ҳамда жорий йил 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдум тарғиботига бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди.
“Конституция меники, сеники, бизники! Конституция ўзимизники” шиори остида бўлиб ўтган тадбирда вилоятда фаолият олиб бораётган фермер хўжаликлари вакиллари, пиллакорлар иштирок этди. Тадбирда мамлакатимиз янгиланаётган Конституциясининг мазмун-моҳияти, унинг жамият равнақи, фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш борасидаги ўрни, роли ва аҳамияти, шунингдек, жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган умумхалқ референдуми хусусида сўз юритилди.
Тадбирда янгиланаётган Конституциямизда қатор йўналишларда, хусусан, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши ҳақидаги модда ва нормалар юзасидан иштирокчиларга маълумотлар берилди.
[gallery-11582]
– Янгиланаётган Конституциямизнинг 43-моддасида “Давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўради”, деган жумла баён этилган, – дейди “Андижон агропилла” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Жамшидбек Ҳамидов. – Қонун лойиҳасининг 65-моддасида эса “Фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлаши” қатъий белгилаб қўйилган. Умуман, ҳужжатда аҳоли барча қатламининг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга қаратилган қатор нормалар борки, бу шубҳасиз, юртимиздаги ҳар бир фуқарони руҳлантиради.
Тадбирда сўз олган фермер ва пиллакорлар 30 апрель куни ўтказиладиган умумхалқ референдумида соҳанинг барча ходимларини фаол қатнашишга, янгиланаётган Конституциямизни маъқуллаб овоз беришга чақирди.
Тадбир давомида таниқли санъаткорлар томонидан ижро этилган шўх куй ва қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА