Фазилатли ой эҳтиёжманд оилаларга қувонч улашмоқда (+видео)
Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи
Президентимизнинг жорий йил 17 февралдаги “Муборак Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги қарори ижтимоий реестрдаги юртдошларимизни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаб, уларга қўшимча ғамхўрлик кўрсатишга хизмат қилаётгани билан қалбларга қувонч, кўнгилларга фахр улашмоқда.
Фазилатли муқаддас ойда Сурхондарё вилоятида юз бераётган бундай эзгу амаллар жанубдаги воҳада Рамазони шариф нафақат ибодат, покланиш, шукроналик ойи, балки давлатимиз белгилаб олган сиёсатда ижтимоий адолат, инсон манфаатлари ва унинг қадр-қиммати улуғланаётганини кенг намоён этмоқда. Жумладан, вилоятнинг Бойсун туманида ҳам ижтимоий реестрдаги оилаларнинг 12 нафар аъзоси учун даволаниши ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш билан боғлиқ харажатларини “Вақф” хайрия жамоат фонди қоплаб бермоқда.

– “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳисобидан даволанишга ёки жарроҳлик амалиёти ўтказишга имконияти етмаётган фуқароларга махсус ваучерларни тақдим этамиз, – дейди Туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази раҳбари Бекзод Улуғов. – Бу ваучер даволаниш ёки операция учун Президентимиз қарори асосида қоплаб берилади.
Туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази раҳбари Бекзод Улуғов, тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ўринбосари Баҳодир Нормаматов маҳаллаларнинг ижтимоий хизмат ходимлари билан ижтимоий реестрдаги оилаларнинг даволаниш ёки жарроҳлик амалиётини ўтказишга эҳтиёжи бор аъзоларининг хонадонларига бориб, тегишли ваучерларни топширмоқда.

Қарорга мувофиқ, мамлакатимизда эзгулик ва саховат фазилатларини амалга ошириш мақсадида муқаддас ойда ижтимоий реестрда рўйхатдаги оилаларнинг 6 минг нафар бемор аъзолари даволаниш ва жарроҳлик амалиётлари билан боғлиқ харажатларини қоплаш имкониятига эга бўлди.
Жанубий вилоятда уч юзга яқин бемор ана шу имкониятдан фойдаланиб, бепул тиббий хизмат олмоқда.

Ижтимоий реестрдаги “давлат таъминотидаги оила” тоифасидаги оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчилар, ногиронлар ҳамда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум болалар яшовчи оилаларга бир миллион сўмдан, “камбағал оила” ва “маҳалла еттилиги” рўйхатларидаги эҳтиёжманд оилаларга эса 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам пуллари “Халқ банки” орқали тақдим этилмоқда.
Ваучерларни топшириш чоғида беморларнинг даволаниш жараёнида кўрсатиладиган хизматлар атрофлича тушунтирилиб, тегишли тавсиялар берилмоқда. Даволаниш ва жарроҳлик амалиётини бепул ўтказиш имтиёзига эга бўлган ижтимоий реестрдаги оилаларнинг аъзолари давлатимизнинг бундай ғамхўрлиги аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътиборнинг яна бир юксак намунаси бўлганини алоҳида эътироф этиб, шафоатли ойда Президентимизга узоқ умр, Ватанимизга тинчлик, тўкинлик, ёшларга бахту иқбол, беморларга шифо тилаган ҳолда дуога қўл очмоқда.

Вилоятда кўмакка муҳтож оилаларга фақат моддий ёрдам кўрсатиш билан чекланиб қолмай, ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг бошқа йўналишлари масалан, уларнинг уй-жойларини таъмирлаш, тартибга келтириш ҳам белгилаб олинган.
Кўрсатилаётган ёрдам турлари ҳақиқий эҳтиёжмандларга етиб бориши учун ижтимоий реестр орқали белгиланган шаффоф мезонлар асосида очиқ амалга оширилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/wrEp0bTFlxU" title="Fazilatli oy ehtiyojmand oilalarga quvonch" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири