Фавқулодда вазиятлар учун етук кадрлар тайёрлаш – хавфсиз келажак сари қўйилган стратегик қадам
2026 йил 3 апрелда давлатимиз раҳбарининг “Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов мазкур қарорнинг аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди:
– Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, фавқулодда вазиятлар соҳаси – бу оддий бир тармоқ эмас, балки инсон ҳаёти, хавфсизлиги ва тақдири билан бевосита боғлиқ ўта масъулиятли йўналиш. Соҳага оид қарор эса ушбу йўналишда кадрлар тайёрлаш тизимини мутлақо янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан барча соҳалар қатори фавқулодда вазиятлар тизимида ҳам замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган, замонавий ва самарали бошқарув ҳамда кадрлар тайёрлаш тизими изчил равишда шаклланмоқда.
Очиқ айтганда, бугунги кун талаблари кечаги билим ва кўникмалар билан чекланиб қолишга йўл қўймайди. Иқлим ўзгариши, техноген хавфлар, саноатдаги мураккаб жараёнлар – буларнинг барчаси фавқулодда вазиятлар соҳасида ишлайдиган кадрлардан нафақат билим, балки юқори даражадаги тезкор фикрлаш, замонавий технологияларни билишни талаб этмоқда.
Мазкур қарор орқали айнан шундай кадрларни тайёрлашнинг янги, тизимли модели жорий этилади. Эътибор беринг, энди кадрлар тайёрлаш икки босқичли тизим асосида амалга оширилади: олий таълим ва махсус касбий тайёргарлик. Бу эса, назария ва амалиёт ўртасидаги узилишни бартараф этади.
Яна бир муҳим жиҳат, профессионал қутқарувчилар сонини бир неча баробар ошириш вазифаси қўйилган. Бу жуда тўғри қарор. Чунки фавқулодда вазиятларда биринчи бўлиб ҳаракат қиладиган айнан шу инсонлардир.
Менга энг маъқул бўлган жиҳатлардан бири – дуал таълим тизимининг жорий этилаётгани. Яъни, талабалар фақат аудиторияда ўтириб қолмайди, балки ишлаб чиқариш корхоналарида, реал объектларда тажриба орттиради. Бу келажакда тайёр мутахассисни шакллантиради.
Академия фаолиятини кучайтириш, уни халқаро даражага олиб чиқиш, ҳатто хорижий кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилаётгани – бу бизнинг салоҳиятимиз ошиб бораётганидан далолат.
Илмий тадқиқотлар ва инновацияларга алоҳида урғу берилмоқда. Сунъий интеллект, замонавий технологиялар, симуляция марказлари – буларнинг барчаси соҳага янги нафас олиб киради.
Албатта, бу қарор фақат таълим билан чекланиб қолмайди. У узлуксиз ўқув-карьера тизимини ҳам назарда тутади. Яъни, кадрлар фақат бир марта ўқиб қолмайди, балки доимий равишда ўз устида ишлаб боради.
Хулоса қилиб айтганда, бу ҳужжат –хавфсиз келажак сари қўйилган стратегик қадам. Шу орқали биз нафақат малакали кадрлар тайёрлаймиз, балки ҳар қандай фавқулодда вазиятга тайёр, профессионал тизимни шакллантирамиз.
Энг муҳими, бу қарор орқали инсон ҳаёти ва хавфсизлигига бўлган эътибор янада кучаймоқда. Ишонаманки, мазкур ислоҳотлар яқин йилларда ўз самарасини беради ва юртимизда хавфсиз, барқарор ҳаётни таъминлашга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА