Фаровонликнинг янги имкониятлари
Жиззах вилоятининг асосан пахта ва ғалла етиштириб келинган чўл туманларида бугунги кунда қишлоқ хўжалигининг барча тармоқлари ривожланмоқда.
Жиззах вилоятининг асосан пахта ва ғалла етиштириб келинган чўл туманларида бугунги кунда қишлоқ хўжалигининг барча тармоқлари ривожланмоқда.“...Республиканинг кўпгина ҳаётий муҳим манфаатларига зиён етди, пахта яккаҳокимлиги, илмий асосланган алмашлаб экишлар бузилгани, ернинг тинка-мадори қуриб кетгани, сув манбаларининг имкониятлари тобора камайиб боргани қишлоқ хўжалигига ҳалокатли таъсир кўрсатди. Натижада озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш чеклаб қўйилди ва аҳолини шу маҳсулотлар билан таъминлаш муаммолари кескинлашди”.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобидан келтирилган ушбу сўзлар собиқ тузум даврида қишлоқ хўжалиги қандай оғир аҳволда бўлгани ҳақида яққол тасаввур беради.
Ислом Каримовнинг пухта ўйланган ва узоқни кўзлаб амалга оширган оқилона сиёсати юртимизни ана шундай оғир вазиятдан олиб чиқди. Аввало, аҳоли фаровонлигини ошириш, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди, фермерлик ҳаракатига асос солинди. Президентимизнинг 1991 йил 29 ноябрдаги "Республикада деҳқон (фермер) хўжаликларини янада мустаҳкамлаш ва тадбиркорлик фаолиятини давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармони соҳа ривожида мустаҳкам пойдевор ясади.
Мазкур ҳужжат асосида қишлоқ хўжалигида мутлақо янги иқтисодий муносабатлар жорий этилиб, ер ҳақиқий эгасини топди. Ўтган йиллар давомида фермерлик ҳаракатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш, соҳага илғор тажрибаларни татбиқ этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш борасида амалга оширилган изчил ишлар юксак самаралар бермоқда. Айниқса, кўп тармоқли фермер хўжаликларининг ташкил этилиши сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Жиззах вилоятидаги 3 минг 216 фермер хўжалиги кўп тармоқлига айлантирилди. Бу 21 мингдан зиёд янги иш ўрни яратиш имконини берди.
Қишлоқ хўжалигида рўй берган бундай таркибий ўзгаришлар маҳсулот етиштиришда ҳам янгича ёндашувни юзага келтирди. Аввало, ер, сув, иқлим шароитини ҳисобга олиб деҳқончилик қилиш имкониятлари кенгайди.
Вилоятнинг асосан пахта ва ғалла етиштириб келинган чўл туманларида бугунги кунда қишлоқ хўжалигининг барча тармоқлари ривожланмоқда. Кўп тармоқли фаолият юритиш фермерларга қўшимча даромад келтириш билан бирга, алмашлаб экиш имкониятларини кенгайтириб, тупроқ унумдорлигини оширишга хизмат қилаётир.
Экин майдонларини мақбуллаштиришда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусияти, деҳқончилик анъаналари ҳисобга олингани яхши самара бермоқда. Бу усул айниқса, камқувват, зарар кўриб ишлаётган фермерларга иқтисодиётини тиклаб олишда қўл келмоқда.
Илгари ўз хўжалигининг ички эҳтиёжлари учун мева-сабзавот, полиз экинлари эккан фермерлар энди фақат ички бозорга эмас, хорижга ҳам маҳсулот экспорт қилмоқда.
– Мамлакатимизда фермерларга яратилаётган кенг имкониятлардан фойдаланиб, унумдорлиги пасайиб кетган 50 гектар майдонга полиз экинлари экдик, – дейди Мирзачўл туманидаги “Акбар сокин” фермер хўжалиги раҳбари М.Пиримқулов. – Ўзимизнинг маҳаллий нав қовун уруғидан яхши ҳосил олдик. Ички бозордан ортганини хорижга сотиб, яхшигина даромад кўрдик. Дастлабки даромад хўжалигимизнинг бошқа тармоқларидаги агротехник тадбирларни ўз муддатида бажаришда қўл келди.
Бу йил вилоятнинг Сирдарё ҳавзасидан суғориладиган барча туманларида полиз экинларидан яхши ҳосил олинди. Бу вилоятнинг барча ҳудудларида қовун-тарвуз ва ошқовоқнинг сероблиги, арзонлигида ҳам кўриниб турибди. Айнан шундай серобчиликни мева-сабзавот маҳсулотлари савдосида ҳам кузатиш мумкин.
Вилоятда фермер хўжаликларининг ер майдонларини мақбуллаштириш жараёнида боғдорчилик ва узумчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари сони 400 га етди. Ҳосилдорлиги 12-15 центнердан ошмайдиган 4 минг 100 гектар пахта майдонини қисқартириш ҳисобидан 2 минг 400 гектар ерда сабзавот, 400 гектар ерда картошка, 50 гектар ерда озуқа экинлари етиштирилмоқда.
Табиий иқлим шароити ҳисобга олиниб, бу тармоқларни Бахмал, Ғаллаорол, Жиззах, Зомин, Фориш, Янгиобод каби тоғолди туманларида янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу ҳудудларда интенсив агротехнологияларга асосланган 352 гектар боғ ва 374 гектар токзор барпо этилди.
– Президентимиз Ислом Каримовнинг фермерликни ривожлантиришга қаратилган фармон ва қарорлари асосида амалга оширилган ишлар ҳар биримизнинг фаолиятимизда ўз самарасини бераётир, – дейди Бахмал туманидаги “Элёр Эргашев” фермер хўжалиги раҳбари Холиқназар Аҳмедов. – Хўжалигимизда 9,8 гектар майдонда боғ, жумладан, 4 гектар интенсив боғ барпо этдик. Айни пайтда маҳсулотимизни хорижга экспорт қилиш учун тайёрламоқдамиз.
Боғдорчиликни янада ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган дастурлар асосида вилоятда сўнгги икки йилда боғ майдонлари 5 минг гектардан зиёд кенгайтирилиб, мевали боғлар 14 минг 90, узумзорлар 5 минг 670 гектарга етказилди.
Жорий йилда мева етиштиришни 112 минг, сабзавотни 420 минг 700, картошка етиштиришни 80 минг 400 тоннага етказиш юзасидан белгиланган тадбирлар изчил амалга оширилаётир. Бу тармоқларни ривожлантиришда фермер хўжаликлари билан бирга, шахсий томорқа хўжалиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани юксак самаралар бермоқда.
Вилоятда жорий йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида умумий қиймати 47,6 миллиард сўмлик 3 минг 158 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. 112 боғдорчилик, 410 узумчилик, 196 чорвачилик, 30 паррандачилик, шунингдек, балиқчилик, қуёнчилик каби тармоқларда фермерлар, хусусий тадбиркорлар томонидан амалга оширилаётган бу лойиҳалар иқтисодиёт ривожи, элимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантиришда эришилаётган самаралар бозорга, элимиз дастурхонига барака киритиш билан бирга, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишга ҳам муҳим ҳисса бўлиб қўшилмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда амалга оширилган экспорт таркибида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 30 фоизни ташкил этгани ҳам бунинг исботидир.