Фармондан келиб чиқувчи вазифалар белгилаб олинди
Шу йил 23 сентябрь куни Президентимизнинг «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллалар ролини кучайтириш ва ҳудудларнинг яшиллик даражасини оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилиниб, унда бир қатор долзарб вазифалар белгиланди. ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан мазкур фармоннинг ижроси юзасидан вазифаларни белгилаб олишга қаратилган йиғилиш ўтказилди.
Унда ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, маҳаллаларда яшил ҳудудларни кенгайтириш ва белгиланган вазифаларни самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, фармонга мувофиқ, 1 октябрдан республикада «Тозалик ва озодалик» долзарб икки ойлиги ўтказилади. 2027 йил 1 январдан эса «Яшил маҳалла» лойиҳаси доирасида «Маҳаллани яшиллаштириш» пакети, шунингдек, «Яшил лот» тизими жорий этилади.
Ҳудудларни кўкаламзорлаштиришда «3-30-300» тамойилини қўллаш ҳам кўзда тутилган. Унга кўра, ҳар бир инсон яшаш, ишлаш ёки ўқиш жойидан камида учта дарахтни кўриши, ҳудуднинг камида 30 фоизи дарахтлар сояси билан қопланиши ва уйдан 300 метр масофада яшил дам олиш ҳудуди бўлиши назарда тутилади.
Йиғилишда фармон ижросини жойларда таъминлаш мақсадида партия вакиллари, депутатлар ва фаол аъзолардан иборат ишчи гуруҳлар шакллантирилди. Шунингдек, амалга ошириладиган ишларни босқичма-босқич ташкил этиш, ҳудудлардаги жараёнларни ўрганиш ва таҳлил қилиш, аниқланган муаммолар юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди.
М.Комилова,
ЎзА