Фармон лойиҳаси депутатлар муҳокамасида
Бухорода халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Бухорода халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Сенатининг аъзолари, вилоятдан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари, ҳуқуқ тартибот идоралари, тегишли корхона, ташкилот, муассаса раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Дастлаб депутатлар сессия кун тартибидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони лойиҳаси ҳақидаги масалани кўриб чиқишди.
Кун тартибидаги мазкур масала юзасидан вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров ахборот берди.
Таъкидланганидек, умумхалқ муҳокамасига қўйилган фармон лойиҳасига асосан Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини янада ривожлантиришнинг 8 та асосий йўналишлари белгиланган. Мазкур йўналишлар бўйича таклифлар бериш асосида вилоятда амалга ошириладиган ишлар режалаштириб олинган.
Бухоро шаҳридаги навбатлилик коэффициенти паст бўлган мактабларни хусусий секторга ишончли бошқарувга бериш тажрибаси амалга киритилади. Бунда мактабларни сақлаш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар камайтирилмаган ҳолда мактаблар 5 йилга (кейинчалик узайтириш ҳуқуқи билан) ишончли бошқарувга берилади.
Ишончли бошқарувчига мактабда таълим олаётган ҳамда унга бириктирилган микроҳудуд ўқувчиларини ўқитиш, таълим сифатини ошириш, мактаб биноларини таъмирлаш, замонавий ўқув ва лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш бўйича мажбуриятлар юклатилади. Шунингдек, нодавлат таълим ташкилоти фаолиятини ташкил этиш учун умумтаълим муассасасининг бўш турган бинолари ва ер майдонлари ажратилади. Ҳозирда Бухоро шаҳрида 14 та, вилоятнинг бошқа ҳудудларида 202 та коэффициенти паст бўлган мактаблар мавжуд.
Вилоятдаги умумий ўрта таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактаблари педагоглари меҳнатини рағбатлантириш мақсадида жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб умумий ўрта таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактабларида синф (гуруҳ) раҳбарлиги учун тўловлар 1,5 бараварга оширилади. Вилоятдаги 12 минг 36 нафар педагогларга синф раҳбарлиги учун ўртача 160 минг сўм устама тўланади. Ушбу устамани 250 минг сўмгача ошириш таклиф қилинмоқда.
Бунинг учун жами 19 миллиард сўм маблағ талаб этилади. 2021 йил 1 апрелдан бошлаб ҳудудий халқ таълими бўлинмалари методистларининг иш ҳақи миқдори олий тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига тенглаштирилади. Вилоятдаги 98 нафар методистларнинг ўртача ойлик маоши 1,9 миллион сўмни ташкил қилмоқда. Лойиҳада уларнинг ойлик маошини 2,8 миллион сўмгача ошириш таклиф қилинмоқда. Бунинг учун жами 1,6 миллиард сўм маблағ талаб этилади.
Ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида ғолиблик (олтин, кумуш, бронза медали)ни қўлга киритган умумий ўрта таълим муассасалари педагогларига тўғридан-тўғри олий малака тоифаси берилади. Вилоятда ҳозирга қадар 18 та медаль қўлга киритилган, шундан 2020 йилда – 5 та. 2024/2025 ўқув йилига қадар босқичма-босқич фаолияти давомида юқори натижаларга эришган умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари педагогларининг ойлик маоши меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 15 бараваригача оширилади.
Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчилари олий ҳамда профессионал таълим ташкилотларига ўқишга кириши ёки ишга жойлашиши кўрсаткичлари асосида муассаса раҳбарлари рағбатлантирилади. Эришилган кўрсаткичларга қараб меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан 12 бараваригача (2-8 млн. сўм). 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб таълим муассасалари битирувчиларининг шаҳодатномаси (диплом иловаси)га 6–11-синфларда олинган йиллик баҳоларининг ўртача кўрсаткичи киритилади. Бу кўрсаткич олий таълим муассасасига кириш имтиҳонларида инобатга олинади. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ходимларини ва мактаб директорларини рағбатлантириш учун жамғарма ташкил этилади.
Халқ таълими бўлимлари йиллик иш ҳақи фондининг 50 фоизи - 6 миллиард 673,5 миллион сўм ҳамда умумтаълим мактаблари ходимлари йиллик иш ҳақи фондининг 1 фоизи – 630 миллиард 98 миллион сўмни ташкил қилади. Оптик толали Интернет линиялари олиб борилган мактабларнинг ички локал тармоғини яратиш учун Давлат бюджетидан ҳар йили 100 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда маблағ ажратилади. Интернетдан фойдаланиш тўловлари 536 та умумтаълим мактаблари учун бир ойда 11 миллион сўм, бир йилда 101 миллион сўмни ташкил қилади ҳамда маҳаллий бюджет ҳисобидан амалга оширилади.
Бугунги кунда вилоятда 3 та олий таълим муассасасида 34 та ўқув-илмий лаборатория ва хўжаликлар ҳамда 6 та илмий-тадқиқот муассасалари фаолият юритмоқда. Фан докторлари 92 нафарни ташкил этади.
Масъуллар томонидан шаҳар-туманлар ҳудудларида умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари ва профессионал таълим муассасалари раҳбар ва педагог ходимлари иштирокида фармон лойиҳаси ўрганилиб, иштирокчиларнинг таклифлари олинди. Шунингдек, ҳозирда ҳам масъуллар томонидан ота-оналар ва жамоатчилик вакиллари билан фармон лойиҳаси бўйича тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, фармон лойиҳаси тарғиботини ташкил этиш ва ташкилий масалалар бўйича тузилган вилоят штаби томонидан ҳудудларга бириктирилган масъулларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий ишлар амалга оширилиб, олиб борилаётган ишлар кунлик мониторинг қилиб борилмоқда.
Фармон лойиҳаси маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан ҳам қизғин муҳокама қилинди.
Сессияда депутатлар томонидан “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги ҳамда “Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг вилоятда ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги, вилоят маҳаллий бюджетининг 2020 йил учинчи чоракдаги ижроси тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.
Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев ҳамда Маданият вазирининг ўринбосари – Маданий мерос департаменти бошлиғи Камола Оқиловалар иштирок этди.
Депутатлар сессия кун тартибидаги барча масалаларни кўриб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилди.

