Фармацевтика: халқаро ҳамкорлик ва инвестициявий фаоллик
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан халқаро компаниялар ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ҳамда соҳанинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу каби ташаббуслар миллий фармацевтика ва косметика саноатини янги босқичга олиб чиқиш, илғор технологиялар ва бошқарув тажрибаларини жорий этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жумладан, агентлик директори Абдулла Азизов ҳамда “ALCAN” компанияси раҳбари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Унда компаниянинг ишлаб чиқариш қувватлари, маҳсулот турлари ва истиқболдаги режалари атрофлича кўриб чиқилди. “ALCAN” компанияси томонидан хорижий ҳамкорларни жалб этиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва янги бозорларга чиқиш орқали экспорт салоҳиятини кенгайтиришга қизиқиш билдирилди.
Учрашувда агентлик томонидан бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, инвесторлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, музокараларни ташкил этиш ҳамда тегишли давлат органлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишда ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилиши таъкидланди. Бу каби мулоқотлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни халқаро бозорлар билан боғлаш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, агентликда халқаро тажрибани ўрганиш ва кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган муҳим тадбир ҳам ташкил этилди. Хусусан, Ирландиянинг нуфузли “Saviday” компанияси мутахассислари иштирокида “Инвестицияларни жалб қилиш” мавзусида ўқув-тренинг ўтказилди. Мазкур тренинг ходимларнинг инвестиция жараёнларини самарали ташкил этиш, инвесторлар билан ишлаш ва музокаралар олиб бориш бўйича амалий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Тўрт кунлик дастур доирасида иштирокчилар илғор халқаро тажрибалар, реал кейслар ва замонавий ёндашувлар асосида билимларини бойитмоқда. Бу эса келгусида инвестиция лойиҳаларини самарали илгари суриш ва хорижий сармояларни кенг жалб этиш имкониятларини янада оширади.
Шу билан бирга, халқаро илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўналишида ҳам амалий қадамлар ташланмоқда. Жумладан, агентлик директори Абдулла Азизов ҳамда Туркия Республикасининг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири — Ататурк университети ректори доктор Аҳмет Ҳажимуфтуўғлу билан учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида мазкур университетнинг тиббиёт, фармакология, генетика, биотехнология ва клиник тадқиқотлар соҳаларидаги илмий салоҳияти ҳамда замонавий инфратузилмаси алоҳида қайд этилди. Шунингдек, олий таълим, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолият йўналишларида амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Учрашувда томонлар халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, тажриба алмашиш ва истиқболда қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Шу билан бирга, агентлик тизимидаги таълим ва илмий муассасалар, жумладан биофармацевтика йўналишидаги лойиҳалар ҳамда клиник тадқиқот инфратузилмасининг мавжуд имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Музокаралар якунида таълим, илм-фан, биотехнология, фармацевтика ва клиник тадқиқотлар соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма таълим ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини илгари суриш ҳамда мунтазам мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.
Умуман олганда, халқаро компаниялар ва нуфузли таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган бундай комплекс ёндашув фармацевтика тармоғининг барқарор ривожланишига, унинг глобал бозордаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА