"Фармацевтика соҳасининг инвестиция имкониятлари тақдим этилди"
Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов соҳага инвестицияларни жалб этиш, инновацион технологияларни жорий қилиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор учрашувлар ҳамда музокаралар ўтказди.
Хусусан, “Соғлиқни сақлаш тизимларини ривожлантириш: фармацевтика ва тиббий технологияларда инновациялар ҳамда инвестициялар” мавзусидаги питч-сессия ташкил этилиб, унда Ўзбекистоннинг тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги инвестиция салоҳияти, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар тақдим этилди.
Сессияда халқаро компаниялар вакиллари, инвесторлар ҳамда соҳа экспертлари иштирок этиб, соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш ва инновацион ечимларни жорий этиш истиқболлари юзасидан фикр алмашди.

Форум доирасида Польшанинг “Polpharma” компанияси таркибидаги “Polpharma Santo” корхонаси бош директори билан учрашув ўтказилди. Музокаралар чоғида фармацевтика ишлаб чиқаришини ривожлантириш, инновацион дори воситаларини маҳаллийлаштириш ва икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, “Philips” компанияси вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқотда рақамли соғлиқни сақлаш, замонавий диагностика тизимлари, юқори технологияли тиббий ускуналар ҳамда тиббий инфратузилмани модернизация қилиш соҳаларида ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, Швейцариянинг “Medical Standard GmbH” компанияси билан тиббий техника ва тиббий технологиялар соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган Англашинув меморандуми имзоланди.
Форум доирасида Агентлик директори Абдулла Азизов халқаро таҳлилий нашр — Oxford Business Group учун интервью берди. Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда тиббиёт ва фармацевтика хаби сифатида шаклланиш стратегияси, соҳадаги инвестиция имкониятлари, рақамлаштириш, илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган ташаббуслар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Мазкур учрашувлар, музокаралар ва эришилган келишувлар Ўзбекистоннинг халқаро тиббиёт ва фармацевтика бозоридаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, янги инвестицияларни жалб қилиш ҳамда соҳага илғор технологияларни кенг жорий этишга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА