Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази огоҳлантириш билан чиқди
Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази клиникасига мурожаат қилган айрим беморларда ботулинотоксин сақловчи “Refinex Botulinum Toxin Type A for Therapy” ҳамда “Dysport 500 Clostridium botulinum type A toxin-haemagglutinin complex” маҳсулотлари косметологик мақсадларда қўлланилганидан сўнг оғир ножўя реакциялар, жумладан ботулизмга хос клиник белгилар кузатилган.
Ҳозирда мазкур маҳсулотларнинг келиб чиқиши ва уларнинг қонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан тегишли текширув ишлари олиб борилмоқда.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг маълум қилишича, “Refinex Botulinum Toxin Type A for Therapy” ҳамда “Dysport 500 Clostridium botulinum type A toxin-haemagglutinin complex” маҳсулотлари Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилмаган. Шу сабабли уларнинг хавфсизлиги, сифати ва самарадорлиги белгиланган тартибда баҳоланмаган.
Шу боис, дори воситалари ва тиббий маҳсулотларни фақат расмий дорихоналар ҳамда лицензияга эга ташкилотлардан харид қилиш тавсия этилмоқда.
“Интернет ёки ижтимоий тармоқлар орқали таклиф этилаётган шубҳали маҳсулотларни сотиб олмаслик керак. Агар ушбу маҳсулотлар харид қилинган бўлса, уларни қўлламаслик, қўллаш бошланган бўлса, фойдаланишни дарҳол тўхтатиш ва шифокорга мурожаат қилиш тавсия этилади.
Мазкур маҳсулотларни қўллаган шахсларда кўришнинг хиралашиши, қовоқларнинг тушиб қолиши, ютиниш қийинлашиши, нутқ бузилиши, мушаклар кучсизлиги, нафас олиш қийинлашиши ёки бошқа ноодатий аломатлар кузатилса, зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат қилиш зарур”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази фуқароларни ўз саломатлигига масъулият билан ёндашишга, дори воситаларини фақат расмий савдо тармоқлари орқали харид қилишга ҳамда шубҳали маҳсулотлар аниқланган ҳолларда ваколатли органларга мурожаат қилишга чақирмоқда.
Қайд этилишича, аҳоли саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадда мазкур ҳолат бўйича назорат ва ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА