Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази фаолияти: ҳамкорлик, стандартлар ва янги ташаббуслар
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан аҳолини сифатли ва хавфсиз дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар билан таъминлаш, соҳадаги халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва лаборатория имкониятларини замонавий стандартларга мослаштириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Марказ томонидан қўшни давлатлар билан тажриба алмашиш, маҳаллий ишлаб чиқувчиларни қўллаб-қувватлаш, лаборатория синовлари кўламини ошириш ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўналишида бир қатор муҳим тадбирлар амалга оширилди.
Мулоқот давомида дори воситалари ва тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказиш, сифат ва хавфсизлик назоратини такомиллаштириш ҳамда соҳани давлат томонидан тартибга солиш бўйича тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Ташриф доирасида Тожикистон делегацияси Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг замонавий лабораториялари фаолияти билан яқиндан танишиб, фармацевтика маҳсулотларини экспертиза ва сифат назоратидан ўтказиш жараёнлари ҳамда лабораторияларнинг техник имкониятлари ҳақида маълумот олди.
***
Дори воситалари ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар вакиллари иштирокида навбатдаги онлайн мулоқот ўтказилди.
Унда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ҳамда Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг масъул ходимлари иштирок этиб, соҳадаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди.
Мулоқот давомида «NANO PHARMACEUTICALS» МЧЖ томонидан давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган 7 номдаги дори воситаси билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида тақдим этилган ҳужжатлар, белгиланган талабларга мувофиқлик ҳамда мавжуд амалий масалалар кўриб чиқилди. Шунингдек, жараённи янада такомиллаштириш ва юзага келаётган масалаларни тезкор ҳал этиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Бу каби онлайн мулоқотлар маҳаллий корхоналарнинг давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнлари бўйича мавжуд масалаларини бевосита муҳокама қилиш, жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаш ҳамда соҳа вакиллари билан самарали ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
***
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини ишончли ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш, фармацевтика маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини халқаро талаблар асосида назорат қилиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Мазкур йўналишда лаборатория базасини мустаҳкамлаш, замонавий таҳлил усулларини амалиётга жорий этиш ва синовларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасаси Синов марказининг (O‘ZAK.SL.0151) аккредитация соҳаси Ўз ДСт ISO/IEC 17025:2019 стандарти талаблари асосида кенгайтирилди. Натижада Синов марказининг аккредитация соҳасига 14 та янги синов усули киритилди.
Жумладан, дори воситалари таркибидаги моддаларни аниқлаш ва миқдорини белгилаш, умумий оқсил ҳамда инсулин таркибидаги рух миқдорини аниқлаш, инъекция учун мўлжалланган дори воситалари қадоқларининг герметиклигини текшириш, гель-электрофорез усули ёрдамида дори воситаларининг миқдорий таркиби, чинлиги ва аралашмаларини аниқлаш, шунингдек, эркин формальдегид миқдорини белгилаш бўйича янги синовлар йўлга қўйилди.
Шунингдек, вакциналар, зардоб препаратлари ва микробиологик таҳлиллар йўналишида ҳам янги синовлар аккредитация доирасига киритилди. Улар қаторида Anti-A ва Anti-B гемагглютининлари ҳамда вена ичига юбориладиган инсон иммуноглобулинидаги Anti-D антитаначаларини аниқлаш синовлари мавжуд.
Аккредитация соҳасининг кенгайиши Синов марказининг замонавий лаборатория имкониятларини янада ошириб, дори воситалари сифати ва хавфсизлигини халқаро тан олинган талаблар асосида баҳолашга хизмат қилади.
Бу эса фармацевтика маҳсулотлари устидан сифат назоратини кучайтириш ва аҳоли саломатлигини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги муҳим қадамлардан биридир.
***
Хитойнинг Guangdong провинциясида фаолият юритувчи «Zhuhai Hongbang Medical Science & Technology Co., Ltd.» (Hinbon) компаниясига ЎзМСт ISO 13485:2025 сифат менежменти тизими сертификати топширилди. Сертификат компания вакилига Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори ўринбосари Мирзоҳиджон Қодиров томонидан тантанали равишда топширилди.
Маълумот учун, Hinbon компанияси 2013 йилда ташкил этилган бўлиб, ЭКГ аппаратлари, бемор ҳолатини кузатувчи мониторлар, ҳомила юрак фаолиятини назорат қилувчи CTG мониторлари ва пульсоксиметрлар каби тиббий жиҳозларни ишлаб чиқаради. Компания маҳсулотлари Осиё, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларига экспорт қилинади.
Таъкидлаш жоиз, ЎзМСт ISO 13485:2025 — тиббий жиҳозлар ишлаб чиқарувчилар учун сифат стандарти бўлиб, компанияда маҳсулотларни ишлаб чиқариш, назорат қилиш ва сифатини таъминлаш жараёнлари белгиланган халқаро талабларга мувофиқ йўлга қўйилганини тасдиқлайди. Оддий қилиб айтганда, мазкур сертификат ишлаб чиқарувчининг тиббий жиҳозларни барқарор сифатда ишлаб чиқариш, уларнинг хавфсизлиги ва белгиланган талабларга мувофиқлигини таъминлаш бўйича тизимли ёндашувга эга эканини кўрсатади.
Корхонанинг бундай сертификатга эга бўлиши тиббий жиҳозлар ишлаб чиқувчилари учун нафақат маҳсулот сифатини таъминлаш, балки халқаро бозорларга чиқиш ва турли мамлакатлардаги ҳамкорлар билан ишлаш имкониятларини кенгайтиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
***
2026 йил 8-11 декабрь кунлари Гонгконгда бўлиб ўтадиган GHWPнинг 30-юбилей йиллик йиғилишига тайёргарлик, тадбирнинг ташкилий ва мазмуний жиҳатлари, шунингдек, иштирокчилар доирасини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда GHWP вице-раиси, «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» директори Алишер Темиров томонидан ўндан ортиқ давлатнинг ваколатли органларини GHWP фаолиятига фаол жалб этиш, улар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш ҳамда Гонгконгдаги йиллик йиғилишда иштирок этишга таклиф қилиш бўйича ташаббуслар илгари сурилди.
Бу ташаббуслар тиббий жиҳозларни тартибга солиш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакатлар ўртасида илғор тажриба алмашинувини кучайтириш ва миллий тартибга солиш тизимларини халқаро ёндашувлар билан уйғунлаштиришга қаратилган.
Маълумот учун: GHWP — тиббий жиҳозларни тартибга солиш соҳасида турли давлатларнинг ваколатли органлари ва экспертларини бирлаштирувчи халқаро платформа. Ташкилотнинг асосий мақсади ушбу соҳадаги тартибга солиш талабларини уйғунлаштириш, тажриба алмашиш ва илғор халқаро амалиётларни жорий этишга кўмаклашишдан иборат.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази GHWP доирасида Ўзбекистоннинг халқаро тартибга солиш тизимидаги иштирокини кучайтириб, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва миллий амалиётга жорий этиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга фаол ҳисса қўшмоқда. Марказ директори Алишер Темировнинг GHWP вице-раиси сифатидаги фаолияти эса ушбу йўналишдаги халқаро мулоқот ва ҳамкорликни янада кенгайтириш учун муҳим имконият яратмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА