Фарғонада ёшлар сиёсий билим ва салоҳиятини синовдан ўтказди
Фарғона шаҳрида ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва мустақил фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш мақсадида «Сиёсатдаги ёшлар» интеллектуал турнири ўтказилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Фарғона вилоят Кенгаши ташаббуси билан Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилояти ахборот-кутубхона марказида ташкил этилган мусобақада ҳудуддаги олий таълим муассасалари талабалари иштирок этди.
Турнир давомида ёшлар сиёсий жараёнлар, қонунчилик ва давлат бошқарувига оид билимларини синовдан ўтказди. Мусобақанинг асосий босқичи парламент фаолиятини моделлаштириш шаклида ташкил этилиб, унда бешта сиёсий партия фракцияси фаолияти акс эттирилди.
Иштирокчилар «Ёшларнинг таълимдан бандликка ўтиш жараёнини самарали ташкил этиш ва ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди.
Мунозараларда битирувчилар бандлигини таъминлаш, ёшларнинг меҳнат бозорига кириб бориши, биринчи иш ўрнини топишдаги қийинчиликлар, касбий кўникмаларни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Фракциялар қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини илгари сурди.
Иштирокчиларнинг чиқишлари сиёсий-ҳуқуқий билим, мантиқий фикрлаш, ўз нуқтаи назарини асослаш, амалий таклифлар ишлаб чиқиш ва парламент маданияти мезонлари асосида баҳоланди.
[gallery-32003]
Якуний натижаларга кўра, Озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институти талабалари биринчи, Фарғона давлат университети жамоаси иккинчи, Фарғона жамоат саломатлиги институти талабалари эса учинчи ўринни эгаллади.
Мазкур турнир ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, мустақил фикрлаш, жамоада ишлаш ва долзарб масалаларга амалий ечим топиш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА