Фарғонада яна бир олийгоҳ иш бошлади (+видео)
Фарғона мамлакатнинг йирик олий таълим марказларидан бирига айланди. Бугун бу ерда ўнга яқин университет, институт яна бешта халқаро таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Жанубий Корея, Латвия, Уммон каби давлатлар билан ҳамкорликда ташкил этилган ўқув юртлари эса 2+2, 3+1 тизимида, яъни бакалавриатнинг маълум йилларини хориждаги таянч муассасасида ўқийдиган шаклда иш олиб боряпти.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллиги арафасида Фарғона шаҳрида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Уммон Султонлигининг “Atyab International Services” компанияси иштирокида, Жаҳон банкининг «Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш» лойиҳаси доирасида 19,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари ҳисобидан Озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институти ташкил этилди. Унинг ректори, техника фанлари доктори Рустам Тожиев. Халқаро институтнинг бугуни ва истиқболи ҳақида бизга қуйидагиларни гапириб берди.

–Олийгоҳда халқаро тенденцияларни акс эттиришга мослашган «илмга асосланган, амалиёт ва бизнесга йўналтирилган таълим» тамойили асосида халқаро тан олинган сифат стандартларини жорий эта оладиган юқори малакали кадрлар, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида кичик ва ўрта бизнес учун рақобатбардош технологиялар, жараёнлар ва тармоқларни ривожлантирадиган мукаммал технологлар, етук кадрлар ва бизнес раҳбарлари тайёрланади.
Соҳада ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш технологиялари, бозор тенденциялари, хавфсизлик ва сифат стандартлари (кодекси), тармоқни бошқариш усуллари ва маҳсулот бўйича маълумотлар каби йўналишларда таълимни ривожлантириш кўзда тутилган.
Шунингдек, мева-сабзавот, сут, гўшт, нон ва қандолат маҳсулотларини, мойли уруғлар, асал ва зираворларни қайта ишлаш ҳамда дон маҳсулотлари бўйича замонавий бизнес инкубация хизматларини кўрсатиш мақсад қилинган.

Ўқув жараёнига малакали чет эллик ҳамда хорижий таълим муассасаларида таҳсил олган, малакасини оширган халқаро тажрибага эга маҳаллий мутахассислар жалб қилинади.
Олийгоҳга бу йил бакалавриатнинг кундузги таълим шакли ва магистратура мутахассисликлари бўйича 97 та давлат гранти ва 430 та тўлов-контракт бўйича талабалар қабул қилинмоқда.
Бундан ташқари, Уммон Султонлигининг “Atyab iInternational services” компанияси билан ҳамкорликда институт ҳузурида халқаро сифат ва назорат стандартларига жавоб берадиган мева-сабзавот, сут, гўшт, нон ва қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш линиялари бўйича 12 та инкубация марказлари ташкил этилади ва бу орқали талабаларнинг ҳақ тўланадиган малакавий амалиётларини ташкил этиш ҳамда инкубация марказларида корхоналарнинг саноат намуналаридан лаборатория таҳлилларини амалга ошириш орқали бюджетдан ташқари маблағлар топиш имконияти яратилади. Ушбу марказларни ташкил этиш ва институт инфратузилмасини такомиллаштиришга йўналтириш бўйича Жаҳон банкидан 8 миллион АҚШ доллари ва марказларни, ўқув-тажриба участкаларини ташкил этиш учун институтга яқин ҳудуддан 5 гектар ер майдони ажратилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/VBPSIzpB1Zo" title="Фарғонада яна бир олийгоҳ иш бошлади" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Шунингдек, институт ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Агробизнес субъектлари салоҳиятини ошириш маркази — Capacity building center ташкил этилади.
Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ҳузуридаги Қўқон қишлоқ хўжалиги ва технологиялар техникуми негизида Озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институти ҳузуридаги Қўқон озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш техникуми ташкил этилди. Техникумни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар институтга соҳага мос бўлган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз, якка тартибдаги суҳбат орқали иккинчи курсга тўлов-контракт асосида қабул қилинади.
Олийгоҳда ўқитиш давлат таълим стандартларини ҳисобга олган ҳолда инглиз, рус ва ўзбек тилларида ҳамда кундузги, сиртқи, масофавий таълим шаклларида амалга оширилади. 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат таълим йўналишлари бўйича дуал таълим тизими жорий қилинади.
2024 йил 1- январдан бошлаб институт илмий салоҳиятини ошириш учун озиқ-овқат саноати ва уни қайта ишлаш бўйича илмий педагогик кадрлар (таянч докторантура (PhD) ва докторантура (DSc) тайёрлаш тизими йўлга қўйилиши белгиланган.
Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов