Фарғонада тиббий хизмат сифати янада яхшиланмоқда
Фарғонада Тиббиёт ходимлари куни кенг нишонланиб, соҳада меҳнат қилаётганларга юксак эътибор ва эҳтиром кўрсатилди.
Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган "Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига мувофиқ давлатимизнинг юксак мукофоти -орден ва медаллари билан тақдирланганлар орасида фарғоналик уч нафар тиббиёт ходими ҳам бор.
[gallery-20274]
Вилоят ҳокимлигида мазкур мукофотларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят секторлари раҳбарлари, соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров мамлакатимизда тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар хусусида сўз юритиб, халқимизнинг саломатлигини мустаҳкамлашда фидойи шифокорлар ҳамда тиббиёт ходимларининг хизмати беқиёслигини қайд этди. Давлатимиз томонидан соҳа ходимларининг меҳнати қадрланаётгани ҳам уларнинг шарафли ва масъулиятли фаолиятига бўлган юксак эътибор эканлиги такъкидланди.
Тадбирда мазкур давлат мукофотлари эгаларига тантанали топширилди. Шунингдек, бир гуруҳ тиббиёт ходимларига “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси”, “Халқ саломатлиги посбони” кўкрак нишонлари топширилиб, касб байрами билан қутланди.
Тақдирланганлар номидан сўзга чиққанлар камтарона хизматлари қадрланиб, давлат мукофотига муносиб кўрилгани учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
Тиббиёт ходимлари кунига бағишланган вилоят байрам тадбирида вилоятдаги соғлиқни сақлаш муассасаларида самарали меҳнат қилаётган шифокорлар, тиббиёт ходимлари ва фахрийлари иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, барча тиббиёт ходимларини касб байрами билан самимий табриклади.
Соҳада алоҳида ўрнак кўрсатган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ҳамда совғалар билан тақдирланди.
-Соҳадаги ислоҳотлар натижасида тиббий хизмат сифати янада ошмоқда, -дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобуржон Примқулов. -Вилоятда илк бор буйрак кўчириб ўтказиш, аорта-коронар шунтлаш, юрак клапанларини протезлаш орқали юрак нуқсонини бартараф этиш ҳамда эндопротезлаш каби 30 дан ортиқ юқори технологик операция турлари амалиётга тадбиқ этилиши натижасида 6414 дан ортиқ фуқароларга юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатишга эришилди. Жорий йилда 134 та оилавий поликлиника, 167 та оилавий шифокорлик ва 110 та маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилиб, 650 минг нафар аҳолига бирламчи тиббий хизмат яқинлаштирилди.
Байрам тадбирида вилоят санъат усталари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага манзур бўлди.
М.Сулаймонов,
М.Қодиров(сурат),ЎзА