Фарғонада тиббий таълим ва амалиётни боғловчи клиникада рақамли технологиялар жорий этилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти кўп тармоқли клиникасида тиббий ёрдам кўрсатиш жараёни таълим ва амалий тайёргарлик билан уйғунлаштирилган.
Клиникада институтнинг терапевтик йўналишдаги фанлар, неврология ва психиатрия, умумий хирургия, факультет ва госпиталь хирургия, анестезиология ва реаниматология кафедралари фаолият юритмоқда. Бу ерда талабалар, магистрлар ва клиник ординаторлар назарий билимларини бевосита клиник амалиёт билан боғлаш имкониятига эга.
Кафедраларнинг ўқув-амалий хоналари 14 та электрон доска билан жиҳозланган. Операцион блокдаги замонавий ёритиш тизими ва видеокузатув воситалари орқали жарроҳлик амалиётларини ўқув хоналаридаги электрон доскаларда кузатиш мумкин.
Клиникада тиббий ҳужжатларни юритиш ҳам электрон шаклга ўтказилган. Ходимлар компьютерлар билан таъминланган бўлиб, тиббий маълумотлар DMED электрон тизими орқали юритилмоқда.
[gallery-30964]
Даволаш-профилактика жараёнларида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.
Тиббиёт ходимларининг ишини енгиллаштириш мақсадида клиникада “KEENON W3” хизмат роботларидан фойдаланилмоқда. Улар бино ичида буюртмалар ва зарур воситаларни автоном тарзда етказиб беришга мослаштирилган.
“KEENON M2” роботи эса стерилизация жараёнларида қўлланилмоқда. Ультрабинафша нурланиш ва қуруқ туман пуркаш технологиялари ёрдамида хоналарни зарарсизлантириш ишлари амалга оширилмоқда.
Клиникада тиббий таълим ва амалий кўникмаларни замонавий рақамли технологиялар билан уйғунлаштиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат). ЎзА