Фарғонада суғурта тўловлари 8 миллиарддан ошади
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг суғурта маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Боиси, ҳар қандай соҳада хатарлар билан ҳисоблашишга одатланган жисмоний ёки юридик шахслар молиявий барқарорлигини сақлаб қолади. Ушбу ислоҳотларнинг туб моҳиятида аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, зарарларни қоплаш ва иқтисодий ривожланишни кафолатлаш сингари мақсадлар мужассам.
Инсон ҳаёти турли кутилмаган ҳодисаларга тўла. Шунинг учун, умр – оқ-қора ранглардан иборат дейишади. Биз келажакни олдиндан кўришга ожизмиз. Бахтсиз ҳодисалар мол-мулкимиз, саломатлигимиз ёки тадбиркорлик фаолиятимизга таҳдид солиши мумкин. Кўнгилсиз воқеалардан ҳеч ким ҳимояланмаган. Муҳими, бунга тайёр туришдир. Суғурта айнан шундай вазиятда сизни ҳимоя қиладиган молиявий хизмат ҳисобланади.
Cуғурта ташкилотларига мижозлар ишончи ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Уни қозониш талаб этилади. Суғурталовчига ишонч эса компаниянинг тўловлари орқали намоён бўлади. Содда айтганда, мижозлар суғурта ҳодисаси содир бўлганда кўрилган зарар қопланишига қараб хулоса чиқаришади.
– Қишлоқ шароитида олий маълумотли мутахассислар учун энг қулай касб ўқитувчилик ҳисобланади. Шунга бўлса керак, оиламизда ўқитувчилар кўп. Суғурта хизматидан, айниқса, хатарли касб эгалари фойдаланиши шарт, деб ўйлайман. Нега десангиз, ҳамма хавфли касб эгаларининг молиявий имконияти бир хил эмас. Бундай пайтда, нафақат, молингиз ёки жонингизга етган зарарни, балки бошқа шахслар олган талафотни ҳам қоплашга қодир бўлиш зарур. Яқинда синглим Д.Қўчқорова билан Фарғона шаҳрига ўқитувчиларни малака тоифасини ошириш бўйича аттестация имтиҳонига кетаётиб, йўл-транспорт ҳодисасига учрадик.

Ҳайдовчининг мажбурий суғуртаси туфайли синглим олган оғир тан жароҳати харажати қопланди. Ваҳоланки, кўнгилсиз ҳодиса оқибатида жавобгар шахс вафот этганда, учинчи шахсларга етказилган зарарни қоплаш сўроқ остида қолиб кетарди. Аммо, барча суғурта ташкилотлари ўз мажбуриятларини бажаришга бирдек ёндашмаслиги ҳақида кўп эшитганман. “Ўзагросуғурта” компаниясига раҳмат, 26 000 000 (йигирма олти миллион) сўм суғурта товонини пайсалга солмай тўлаб беришди, – дейди Бешариқ тумани “Кармак” қишлоғида яшовчи Равшанбек Қўчқоров.
“Ўзагросуғурта” АЖ Фарғона вилояти филиали томонидан 2020 йил давомида салкам 140 минг дона суғурта шартномаси расмийлаштирилди. Қувонарлиси, уларнинг аксарияти ихтиёрий суғурта турларига тўғри келади.
– Кўпчилик Фарғона водийсида деҳқончилик қилиш осон, айниқса, сув билан муоммоси бўлмайди, деб ўйлайди. Анчадан бери Ўзбекистон туманида пахта-ғалла етиштираман. Ўтган йили қурғоқчилик туфайли экинни вақтида суғоролмадик. Демоқчиманки, кам ҳосиллик учун айни сабаб республиканинг бошқа ҳудудлари сингари бизда ҳам учрайди. Серқуёш ўлкада сувсизлик муаммоси деҳқоннинг бирламчи ташвиши, десам муболаға бўлмайди. Шукрки, фермер хўжалигимизни турли молиявий йўқотишлардан асраш мақсадида “Ўзагросуғурта”да полис расмийлаштирганман. Бу ҳамкорлик кўп йиллардан буён давом этмоқда. Хусусан, ўтган йили ғалла кам ҳосили бўйича 66 миллион сўмдан ортиқ кўрилган зарарни қоплаб берди. Вилоят миқёсида йирик тўловларни шу компания амалга оширади. Шунинг учун, доим “Ўзагросуғурта”ни танлайман, – дейди “Eсахон Одилов” фермер хўжалиги раҳбари Аббосхон Шерматов.
Таъкидлаш жоизки, Фарғона вилоятида “Ўзагросуғурта” АЖ филиали томонидан 2020 йил мобайнида қарийб 8,2 миллиард сўмлик суғурта қопламалари тўлаб берилди. Ушбу тўловлар 550 тага яқин суғурта ҳодисаси бўйича амалга оширилди. Эътиборлиси, мазкур тўловларнинг қарийб 90 фоизи аҳолининг саломатлиги ёки гаровга қўйилган мол-мулклари билан боғлиқ.
“Ўзагросуғурта” АЖ Фарғона вилояти филиали 2021 йилда аҳолига суғурта хизматлари кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар режалаштирган бўлиб, электрон полис расмийлаштиришни йўлга қўйиш ҳамда кўрсатилаётган хизматлар жозибадорлигини янада яхшилаш каби устувор вазифалар шулар жумласидандир.
“Ўзагросуғурта” АЖ
ахборот хизмати