Фарғонада ЎзА кунлари (+видео)
Ахборот жамиятда ишончли манба бўлиши муҳим. ЎзАнинг мамлакат ҳаётидаги ўрни қандай? Агентлик Фарғона ва Қўқон шаҳарларида жамоатчилик билан учрашиб, келгуси йўналишларини муҳокама қилди.
Ахборот жамиятни бошқаришда ҳал қилувчи омиллардан бирига айланди. Қайси газета, сайт, электрон оммавий ахборот воситаси тезкор, холис, тўғри ахборот тарқатса, истеъмолчи унинг фойдаланувчисига айланади. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бу борада мамлакатнинг етакчи ахборот тарқатувчиси бўлиб турибди. Ҳозир у Ўзбекистон ва дунё хабарларини ўқувчиларга 9 тилда етказиб беряпти. Дунёнинг ўндан зиёд йирик ахборот агентликлари билан ҳамкорлик қилмоқда.

Фарғона вилоятида бўлган ЎзА кунлари доирасидаги учрашувларда агентликнинг мамлакат ижтимоий ҳаётида тутган ўрни ҳақида гапирилди. Унда ЎзА бош директори Абдусаид Кўчимов агентлик фаолияти, келгуси режалари билан таништирди. Ўқувчи ва фойдаланувчилар ўз фикр - мулоҳазаларини билдиришди, савол-жавоблар бўлди.

– Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мен учун энг рост гапирадиган, таҳлилий материалларни берадиган ва бу маълумотлардан Ўзбекистоннинг янги тарихини яратишда эътирозсиз фойдалана олса бўладиган катта ахборот агентлиги деб биламан, – дейди Фарғона давлат университети профессори Абдуғаффор Шарофиддинов. –Бу ерда берилаётган материаллар ишончлилиги туфайли Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида рақамли таҳлил қилиш имконияти бор. Ҳар қандай илмий тадқиқот ишларида ҳам фойдаланиш мумкин.

Учрашувда вилоят ҳокимининг ўринбосари Шерзод Полвонов, Фарғона давлат университети ректори Баҳодир Шермуҳаммадов, таниқли шоира Зуҳра Алиева ва бошқалар ЎзА фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини баён этдилар.

Шундай учрашув Қўқон шаҳрида ҳам бўлиб ўтди. Маълумки, Қўқон илм ва маданият, адабиёт ва санъат маркази, миллатнинг буюк вакилларини етказиб берган шаҳар. Шунинг учун ЎзА ижодий жамоаси бу учрашувга алоҳида ҳисобот билан келганди. Айниқса, ёшлар масаласидаги давлат сиёсати ва унинг ижроси ҳақидаги ахборот, репортаж, видео-контентлар ҳақида алоҳида гапириб берилди.

Сўзга чиққан Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов ва бошқалар ЎзАнинг ахборот бозоридаги етакчи ўрнини эътироф этган ҳолда ундаги тилнинг халқоналиги, ахборот етказиш усулларидаги енгиллик ва ўқимишлиликни алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/nqfHABcUxsI" title="Farg‘onada O‘zA kunlari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги жамоаси жойларда ўтказаётган ижодий учрашувларда билдирилган фикр-мулоҳазаларни амалиётда қўллашга қарор қилди.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов, ЎзА