Фарғонада муаммолар ўрганилиб, истиқболли лойиҳалар белгиланди
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосарлари Озода Парпибоева ва Ислом Ҳамроев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Фарғона вилоятида бўлиб, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари ва тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказди.
Видеоконференция шаклидаги мулоқотларда депутатлик назоратини кучайтириш, сайловчилар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, аҳоли мурожаатларини тизимли ўрганиш ва уларга амалий ечим топиш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда партия лойиҳалари натижадорлигини юксалтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўрганишлар доирасида Қўштепа туманидаги «Global tekstil» МЧЖ фаолияти билан танишилди. Корхонада 860 нафар ишчи меҳнат қилмоқда, уларнинг 726 нафари хотин-қизлар. Жорий йилда корхона 5,5 миллион АҚШ долларилик трикотаж маҳсулотларини Россия ва бошқа МДҲ давлатларига экспорт қилди.
[gallery-31030]
Фарғона шаҳридаги «Status soft» оилавий корхонасида форель балиғи етиштириш лойиҳаси ҳам кўздан кечирилди. Айни пайтда 4 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган. Тадбиркор келгусида ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириб, 300 минг дона балиқ етиштириш ва 20 та янги иш ўрни яратишни режалаштирган. Учрашувда лойиҳани ривожлантириш билан боғлиқ таклифлар муҳокама қилинди.
Ишчи гуруҳ Бағдод туманидаги Самандарак маҳалласида ҳам бўлиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳунармандчилик ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар билан танишди.
Маҳаллада 4 минг 582 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бу ерда 320 нафар тадбиркор, жумладан, 200 нафар ҳунарманд фаолият юритмоқда. 2026–2027 йилларда маҳалланинг комплекс ривожланиши учун 5 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган.
Самандаракнинг анъанавий ҳунарларидан бири — темирчиликни замонавий ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш мақсадида 5 гектар майдонда «Самандарак темирчилик саноат маркази» ташкил этилади. Лойиҳа доирасида 70 та ишлаб чиқариш майдони барпо қилиниб, 2026–2027 йилларда бешта маҳалладаги 800 нафар аҳолини доимий иш билан таъминлаш кўзда тутилган.
Учрашувларда аҳоли ва тадбиркорларнинг муаммо ҳамда таклифлари тингланиб, янги иш ўринлари яратиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш, ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш ва маҳаллаларнинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича фикрлар билдирилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА