Фарғонада кичик саноат зоналари сони кўпаймоқда
Оила фаровонлигини таъминлаш, рўзғорнинг бутлиги даромадга боғлиқ. Бу борада аҳолини муқим иш ўрни билан таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш катта аҳамиятга эга.
Фарғона вилояти ҳокимлиги мавжуд ресурс ва имкониятлардан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон туманидаги “Мингтут” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 90 гектар майдонда “Мингтут” кичик саноат зонаси, 140 гектар майдонда "Қўқон" кичик саноат зонасини ташкил этиш ташаббуси билан чиққан эди. Келгусида Ўзбекистон тумани ва унга чегарадош Қўқон шаҳри тадбиркорларининг саъй ҳаракатлари билан юзлаб ишлаб чиқариш корхоналари фаолият юритади, ҳудуд аҳолиси ишли бўлади. Ички ва ташқи бозор учун саноат маҳсулотларининг тури кўпаяди.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров икки чегарадош туман ва шаҳар ҳудудида ташкил этилаётган саноат зонасида бўлиб, 63 та тадбиркорлик субъектларининг истиқболли бизнес лойиҳалари билан танишди.

- Пандемия шароитида иқтисодиётни барқарор ўсишини таъминлаш, янги лойиҳаларни амалиётга тадбиқ этишда инвестициялар ҳажмини оширишнинг энг тўғри йўли бу – маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлашдан иборат. Ижро ҳокимияти вакиллари ҳар бир тадбиркор билан елкама-елка туриб ишлашга, ҳамкор ва кўмакчи бўлишга тайёрлигимизни билишингизни истардим,- деди вилоят ҳокими.
Таъкидланишича, “Мингтут” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилаётган кичик саноат зонасида 203 миллиард сўмлик 57 та лойиҳа амалиётга тадбиқ этилади. Дастлабки лойиҳаларга кўра 1800 дан зиёд ишчи ўрни яратилади. Айни дамда тадбиркорлик субъектлари томонидан лойиҳалар тақдимоти давом этмоқда.
М. Сулаймонов, ЎзА